“Ўткан кунлар”ни инглиз тилига ўгирган таржимон гонорар берилмаганини айтиб, Мирзиёевга мурожаат йўллади
Жамият
−
19 Октябрь 2021
7677Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини инглиз тилига таржима қилган америкалик маданиятшунос Марк Эдуард Риз ҳануз таржима учун қалам ҳақини олмаганини айтиб, Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат йўллади. У мурожаатини ўзининг Twitter саҳифасида қолдирган.
“Ушбу твитни ёзишим учун 5 ой кетди. Менинг 3 йиллик меҳнатларимнинг сабаби ўзбек халқи ва сизнинг ислоҳотларингизни қўллаб-қувватлаш эди. Бироқ, ҳукуматингиз амалдорлари томонидан содир этилган нотўғри хатти-ҳаракатларга эътибор қаратишингиз учун ўзим ёқтирмайдиган Twitterʼда мурожаат қилишга мажбурман.
5 ой аввал сиз мени катта мукофот ва Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналарига тарқатиш учун совға тариқасида 1000 нусхада “Ўткан кунлар” китоби сотиб олинишини ваъда қилиб, тақдирлаган эдингиз. Мукофот кинояли эди.
“Мен ўтган йилнинг май ойида Тошкентдан кетишимдан бир кун олдин, ҳукуматингиз аъзоси Хондамир Қодирий, Абдулла Қодирийнинг набираси, ва менинг дўстим билан боғланиб: “Мен Президент Мирзиёев билан етти дақиқадан сўнг учрашаман. У Маркка қанча гонорар тўлаганимизни билмоқчи. Биз Маркга пул бермадик. У кечириб, унутиб юборадими?” деган.
“Мен унга: “Сиз мендан Мирзиёевга ёлғон гапиришимни сўраяпсизми? Боринг, чойингизни ичинг”, дедим. Ушбу жавобдан кейин ходимингиз дўстимга таҳдид қилган… Мен бу суҳбатдан шокка тушдим. Бундан бир кун олдин жаноб Султонов (Ҳайриддин Султонов, Президент маслаҳатчиси — таҳр.) билан кўришган эдим, унга ўз таклифимни бердим ва унинг юқори даражадаги профессионал эканлигига ишонч ҳосил қилдим”, дея таъкидлайди тадқиқотчи.
Шунингдек, Марк Эдуард Ризнинг таъкидлашича, ҳукумат ходими дўстига таҳдид қилган. Унинг хулосасига кўра, ушбу вазият “юқори раҳбариятнинг саъй-ҳаракатлари коррупцияга ботган ўртакашларнинг ҳаракатлари билан пучга чиқишини” кўрсатиб берган.
Тадқиқотчи АҚШга қайтганидан сўнг Ёзувчилар уюшмаси ва давлат тилини ривожлантириш департаменти ходимлари билан Zoom орқали суҳбатлашган.
“Улар 1000 нусха китоб сотиб олишни айтишди. Шунингдек, йилига 20 минг доллар эвазига Навоий университетидан иш таклиф қилди”, деб ёзади таржимон. У бу таклифни рад қилишига тўғри келган.
Марк Риз Zoom’даги мулоқот вақтида у билан ишлаган ходимлардан бири “кечиришини ва гонорарни утушини” сўраганини ҳам қўшимча қилган.
Америкалик маданиятшунос ўз мурожаатида Тошкентда яшашдан қўрқишини айтган. У Ўзбекистондаги 3 йиллик ҳаёти давомида ҳамма харажатларни ўз чўнтагидан қоплаган.
“Менга ўғлим билан Тошкентга кўчиб ўтиш қулай эмас, чунки сизни (Президентни) алдашга ундаган ва дўстимга таҳдид қилганлар қўлига ўз хавфсизлигимни топшира олмайман. Мен сўнгги 3 йил давомида онлайн дарслар ўтдим, ўнлаб лекциялар қилдим, лекин ҳамма харажатлар ўз чўнтагимдан кетди. Саёҳатларимнинг ҳаммасига ўзимдан пул сарфладим. Ўрта бошқарувдаги коррупция Хайриддин Султоновнинг обрўсига путур етказди.
Ўзбекистондаги баъзи ноҳалол инсонларни деб қолганларни ҳам шундай дея олмайман. Лекин бир-икки киши сизнинг ислоҳотларингизга путур етказиши мумкин. Ишонаман, ислоҳотларингиз муваффақиятсизликка учрамайди. Чунки ҳукуматингизда ислоҳотларни амалга оширишда кўмакчи бўла оладиган инсонлар ҳам бор. Бунинг учун уларга имкон бериш керак.
Мен Twitterʼни ёқтирмайман. Менинг бу аккаунтни ташкил қилишимнинг сабаби ўзбек адабиёти ва маданиятини тарғиб қилиш эди, холос”, деб ёзади таржимон.
Эслатиб ўтамиз, америкалик маданиятшунос Марк Эдуард Риз 2019 йилда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романини инглиз тилига таржима қилиб, “Bygone days” номи билан дунё китобхонлари эътиборига ҳавола қилган эди.
Таржима учун романнинг 1926 йил босилган биринчи ва қисқартирилмаган нашри танланган. Таржима ишлари 15 йил (2004-2019 йиллар) давом этган.
LiveБарчаси