Ўтаётган ҳафтанинг йўқотишлари
Жамият
−
19 Май 2019
14954Якунланиб бораётган ҳафтада ўзбек илм-фани, адабиёти, маданияти ва санъатида катта йўқотишлар юз берди. Эл севган санъаткорлар, ёзувчи ва давлат арбоблари ҳаётдан кўз юмди.
2019 йил 14 май, сешанба куни Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева оламдан кўз юмди. У жорий йил 14 август куни 89 ёшни қаршилаган бўларди. Яйра Абдуллаева ўзбек фольклари моҳир ижрочиси ва рақс устаси Тамарахонимнинг жияни бўлган.
Таниқли ўзбек актрисаси Яйра Абдуллаева 1930 йилда Тошкентда туғилган. Ижодий фаолиятини 1944—1945 йилларда Гавҳар Раҳимова раҳбарлигидаги хотин-қизлар ансамблида бошлаб, 1950 йилда А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган.
Яйра Абдуллаева “Бой ила хизматчи” фильмидаги Гулбаҳор роли билан 1953 йилдан бошлаб ўзбек кино санъатида ўз фаолиятини бошлади, бирин-кетин “Опа сингил Раҳмоновалар” (1954), “Стадионда учрашамиз” (1956), “Ҳамза” (1960), “Виждон амри билан” (1967) каби фильмларда суратга тущди.
Яйра Абдуллаеванинг сермазмун ва серқирра ижодий фаолияти юксак такдирланди. 1964 йилда актрисага “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони берилди. В.Шекспирнинг “Қирол Лир” трагедиясида яратган Регина образи учун 1967 йилда Республика Давлат мукофотага сазовор бўлди.
Яйра Абдуллаева 1998 йилда “Дўстлик” ордени, 2011 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
16 май куни алоқа соҳасида кўп йиллар самарали хизмат қилган меҳнат фахрийси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган алоқачи Комилжон Раҳимов вафот этди.
Комилжон Раҳимов 1985 — 1995 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазири лавозимида, 1995 —1998 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари сифатида меҳнат қилган. Комилжон Раҳимовнинг хизматлари алоҳида эътироф этилиб, Ўзбекистоннинг юксак мукофотлари билан тақдирланган.
Эл севган ва элни севган Тоҳир Малик
16 май санаси ўзбек адабиёти саҳифасида қора кун бўлиб қолди. Бу кунда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик 72 ёшида оламдан кўз юмди. Оғир операцияни бошдан кечирган ёзувчи, операциядан сўнг ўзига келмаган. Тоҳир Малик марҳум уламо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб китоб ёзмоқчилиги ҳақида Facebook’даги саҳифасида маълум қилган эди.
“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф прототип бўлган бадиий асар ёзмоқчиман. Бу хотира ёки хроника бўлмай, ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги Ўзбекистондаги диний аҳвол, уламоларнинг тақдирлари ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий асар бўлади”, деб айтган эди адиб.
Афсуски, Тоҳир Маликнинг бу эзгу орзуси амалга ошмади.
Маълумот ўрнида, Тоҳир Малик 1946 йил 27 декабрь куни Тошкентда таваллуд топган. Тошкент Давлат Университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети)нинг Журналистика факультети кечки бўлимида ўқиб, кундузи қурилиш ишларида қатнашган. 1966 йилдан бери Ўзбекистон радиосида, газета ва журналлар таҳририятида, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасида, нашриётларда фаолият юритган. 2006 йилдан буён "Бекажон" газетаси Бош муҳаррири бўлиб ишлаб келаётган эди.
Ёзувчининг бир қатор асарлари рус ва бошқа тилларга таржима қилинган. "Сўнгги ўқ" асари асосида етти қисмли, "Шайтанат" асари асосида йигирма қисмли бадиий филъм суратга олиниб, намойиш этилган.
Тоҳир Малик давлат томонидан "Ўзбекистон халқ ёзувчиси" юксак унвони ва "Дўстлик" ордени билан мукофотланган.
Хоразм булбули Ортиқ Отажоновнинг иқрори...
“Кеча бир тўйда, Урганчда, шундай торни олиб, ашула айтиб бошласам (кўз ёшини тиёлмай), қаёқдаги шайтонлар айланиб кетди. Айтиб бўладиган даражада эмас. Шу тор барибир мандан ажраладику, юлволадику деган ҳаёл кеп қолди. Санданам ажраламанку барибир деб, ҳаёлимга келиб кетти. Сал қолди-да, каллам айланиб кетишига, сал қолди. Бир кулиб ўтирган одамнинг юзига кўзим тушиб қолди шу пайтда, шу билан юрагим жойига тушиб кетди”, Ортиқ Отажоновнинг “Эслаб” (https://youtu.be/AD6paOquQeo) кўрсатувида айтган бу гаплари унинг иқрори эдими?
Ўзбек маданияти ва санъати яна бир оғир жудоликка учради. Хоразм булбули, Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов 17 май куни 72 ёшида оламдан ўтди.
Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов 1947 йил 30 январда Хоразм вилояти Боғот тумани Хитой қишлоғида туғилган.
Ортиқ Отажонов 1962 йил Хоразмдаги мусиқа билим юртига ўқишга киради. У ерда таниқли созанда Озод Иброҳимовдан рубоб чалиш бўйича сабоқ олади.
Унинг санъаткор бўлиб етишишида буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг ўрни беқиёс бўлган.
Ортиқ Отажонов тўрт фарзанднинг отаси эди. Унинг ўғли Улуғбек Отажонов отакасбни давом эттирган. Қизи Кароматнинг ўғли Али Отажонов ҳам бобосининг ортидан кетган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 апрель куни Ортиқ Отажоновнинг турмуш ўртоғи Гулсара Аминова вафот этган эди.
LiveБарчаси