Тоҳир Малик Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида китоб ёзмоқчи

Жамият

image

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик марҳум уламо Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб китоб ёзмоқчи. Бу ҳақда ёзувчи Facebook’даги саҳифасида маълум қилган. 

“Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф прототип бўлган бадиий асар ёзмоқчиман. Бу хотира ёки хроника бўлмай, ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги Ўзбекистондаги диний аҳвол, уламоларнинг тақдирлари ҳақида ҳикоя қилувчи бадиий асар бўлади”, деб ёзади ёзувчи. 

Маълумот учун, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 1952 йил 15 апрелда Андижон вилоятида таваллуд топган.

У Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” мадрасасида, сўнгра Тошкентдаги имом Бухорий номли Ислом олий маъҳадида таҳсил олган. 

Олий маъҳадни битиришлари биланоқ “Совет шарқи мусулмонлари” журналида ишлаган. 

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини чет элга, яъни Ливия Араб Республикасининг Триполи шаҳридаги Исломий даъват факультетига ўқишга юборди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мазкур факультетни 1980 йил имтиёзли тамомлаб, юртга қайтди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг ташқи алоқалар бўлимида ишлаб, бир пайтда Олий маъҳадда дарс берган. Кейин мазкур маъҳадда мудир ноиби, сўнгра мудир лавозимларида ишлаган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари диний идоранинг 1989 йилда бўлиб ўтган Умумий қурултойида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси лавозимига тайинланган. Қолаверса, киши мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи муфтийси бўлди.

Шайх ҳазратлари Маккаи Мукаррамадаги “Бутун Дунё Ислом Робитаси”нинг таъсис мажлиси, Бутун дунё тасаввуф уюшмаси, Бутун дунё Исломий халқлари бошқарувининг бош котибияти, Бутун дунё даъват уюшмаси, Бутун дунё Уламолари кенгаши уюшмаси, Исломобод шаҳридаги Бутун дунё Ислом уюшмаси, Маккаи Мукаррамадаги Бутун дунё муфаккир уламолари йиғинининг ижроия қўмитаси, Бутун дунё масжидлар уюшмаси, Иорданиядаги Оли Байт муссасасига қарашли Исломий фикрлар академияси аъзоси эди.

Шунингдек, шайх ҳазратлари Миср Араб Республикаси, Ливия Жамоҳирияси ва Россия федерациялари каби қатор давлатларнинг фахрий унвон ва мукофотлари билан тақдирланган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 2015 йил 10 март куни Тошкент шаҳрида вафот этган.  
 


Мақола муаллифи

Теглар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Тоҳир Малик

Баҳолаганлар

139

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг