Усмонов, Абрамович ва Фридман Британия бойлари рейтингидаги ўрнини йўқотди

Олам 2462
image

Россиялик ишбилармонлар, жумладан, Алишер Усмонов, Роман Абрамович, Михаил Фридман Буюк Британиянинг энг бой тадбиркорлари рейтингидаги ўринини уларга нисбатан жорий қилинган санкциялар фонида йўқотди. Буни бугун, 20 май куни “The Sunday Times” нашри эълон қилган йиллик ҳисоб-китоблар тасдиқлайди.

Нашр ҳар йили Британия субъектлари ва резидентлари, шунингдек, қиролликда яшайдиган ёки Британия билан боғлиқ бизнес билан шуғулланувчиларни ўз ичига олган йиллик рейтингни тузади.

Ўтган йили олтинчи ўринни эгаллаб турган Усмонов энди рўйхатнинг кучли 10 талигини тарк этиб, 11-ўринни эгаллаб турибди. Нашр маълумотларига кўра, USM холдинги (Металлоинвест, Мегафон, Mail.ru Group компанияларининг бош тузилмаси) таъсисчисининг бойлиги ўтган йил давомида 3,4 миллиард фунт стерлинг (ҳозирги курс бўйича 4,25 миллиард доллар)га камайиб, 10 миллиард фунт стерлинг (12,5 миллиард доллар)га етган.

Лондоннинг “Челси” клубини сотишга мажбур бўлган Абрамович 8 поғона пастлаб, 28-ўринни эгаллади. Тадбиркорнинг бойлиги 6 миллиард фунт стерлингни (7,5 миллиард доллар) ташкил этиб, 2021 йилдан буён икки баробарга (6,1 миллиард фунт стерлингга) қисқарган.  

Ўтган йили рейтингда 11-ўринни эгаллаган “Альфа-Групп” ҳаммуаллифи Михаил Фридман 8,2 миллиард фунт стерлинг (10,25 миллиард доллар) бойлиги билан 19-ўриндан жой олган. Бу ишбилармонларнинг барчаси Буюк Британия ҳукумати томонидан “қора рўйхат”га киритилган ва уларнинг мамлакатдаги активлари музлатилган.

Умуман олганда, февраль ойининг охиридан бери Буюк Британия 1,6 мингдан ортиқ россиялик сиёсатчи, бизнесмен, амалдор, журналист ва корхоналарга нисбатан чекловлар жорий қилган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 61
Рейтинг: 2.9
t
×