“Ўша депутат мен эдим”. Ғаниев Акмал Саидовнинг “қичиқ” изоҳлар бўйича эътирозига жавоб қайтарди
Жамият
−
27 Январь 2021
61099Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси тегишли таклиф киритилгандан кейин олти ой мобайнида Конституцияга ўзгартиришлар ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокамани ҳисобга олган ҳолда қонун қабул қилиши мумкин. Агар Олий Мажлис Конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги таклифни рад этса, таклиф бир йил ўтгандан кейингина қайта киритилиши мумкин.
Бугун, 27 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Сайлов қонунчилигини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг баъзи эътирозларига жавоб қайтарди ва юқоридаги модда бўйича аввалроқ ўзи берган таклифга тушунтириш берди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири хабар бермоқда.
“Акмал Холматович (Саидов – таҳр.), Конституциянинг 128-моддаси бўйича журналист, блогер ва депутатлар томонидан билиб-билмай ҳар хил “қичиқ” изоҳлар бўляпти, дедингиз. Ўша депутат мен эдим. Мен ушбу модданинг муддати ёки киритилишида хатолик бор, деган фикрни айтмадим. Менинг таклифим шундайки, 128-моддада Конституцияга ўзгартиришлар ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисида кенг ва ҳар тарафлама муҳокама белгилаб қўйилганини инобатга олиб, биринчи ўқишда қабул қилинган Қонун лойиҳасини веб-сайтимиз орқали жамоатчилик муҳокамасига қўйсак, бу турли хил тушунмовчиликлар ва мавзунинг блогерлар томонидан нотўғри талқин қилинишининг олдини оларди”, дейди Дониёр Ғаниев.
Депутатга кўра, ушбу таклифни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов ҳам қўллаб-қувватлаган.
“Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ҳам ҳам ушбу фикрга қўшилиб, палата қарорида Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси веб-сайтида ёритилишини қайд этди. Ўйлайманки, бу жамоатчилик орасида юзага келаётган нотўғри талқинларнинг олдини олади”, дейди Ғаниев.
LiveБарчаси