Урушгача Россияда “биринчи рақамли" артист эдим – Лобода

Маданият-санъат 21958
image

Бир неча йиллардан буён Россияда ижод қилиб келаётган Светлана Лобода Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан оиласи билан Латвияда яшамоқда. У Катерина Гордеевага берган интервьюси ортидан Россия ОАВ эътибор марказига тушди.

Суҳбат давомида Лобода ўзини Россиядаги биринчи рақамли артист дея таърифлагани Интернетнинг рус сегментида катта муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Интервью остидаги 15 мингдан ортиқ изоҳларда ҳам кўпчилик Лободанинг бу фикрига қўшилмаган.

“Мендан россиялик мухлисларим “нима учун бизни ташлаб кетдингиз?”, деб сўрашади. Мен учун энг асосийси – бу оила. Мен карьерамни қурбон қилдим, мен кўп нарсани йўқотдим, бинобарин мен Россиядаги биринчи рақамли артист эдим. Мен Россиядаги барча гастролларимни бекор қилдим ва аванс сифатида берилган пулларни ўз эгаларига қайтардим. Россиядаги шахсий тадбирлар билан ҳам ҳаммаси тугади”, дейди у

Россияда ижод қилаётган кўплаб украиналик санъат вакиллари Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан дунёнинг турли ўлкаларига сочилиб кетди. “Биринчи рақамли” юлдуз эса вақтинча Латвиядан қўним топган.

“Ҳозир қизим Ева Ригада ўқияпти, кичик фарзандим эса боғчага боряпти. Бундан кейин қаерда яшашимни билмайман лекин ҳозирча Латвияда бўлиб турибмиз. Онам ва синглим ҳам мен билан бирга, улар ҳозир руҳий тушкунликда. Улар Киев томон талпинишмоқда, мен эса уларни бор кучим билан ушлаб турибман. Украинага қачон қайтишимизни вақт кўрсатади”, деган у.

Лободанинг собиқ турмушидан Ева, иккинчи турмушидан эса Тильда исмли қизлари бор. Аммо Лобода ўзининг иккинчи турмуш ўртоғини оммага кўрсатмаган. Хонанда суҳбат давомида шу мавзудаги саволларга ҳам жавоб қайтарган.

“Турмуш ўртоғим ҳақидаги мавзу шахсий ҳаётимдаги сирли оролча бўлишини хоҳлайман, шунинг учун мен уни кўрсатмайман ва уни пиар қилмайман. Менга омад кулиб боқди, мен ўзимга мос одамни учратдим. У ўта ватанпарвар, лекин украиналик эмас. У мени ҳеч қандай қолипга солиш ва тизгинда тутиб туришга ҳаракат қилмайди”, дейди Лобода турмуш ўртоғи ҳақида.

Лобода ҳар қанча тушкунликда бўлмасин, у қўл қовуштириб ўтирмоқчи эмас. Латвияда бир неча маротаба саҳналарда кўриниш берган хонанда Германия, Арманистон, Исроил, АҚШ, Молдова ва Ўзбекистонда гастроль сафарида бўлиши ҳақидаги афишаларни ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилиб боряпти.

Маълумот ўрнида, Светлана Лобода 1982 йилнинг 18 октябрь куни Украинанинг Ирпень шаҳрида туғилган. 2002 йилдан хонандалик фаолиятини бошлаган. 2004 йилда “Гра” вокал ва чолғу ансамбли таркибида ижод қилган. 2009 йилда “Евронигоҳ” танловида Украина номидан иштирок этган. У томонидан ижро этилган “Твои Глаза”, “Случайная”, “Родной” ва “SuperSTAR” каби қўшиқлар Ўзбекистонда ҳам машҳур

Улуғбек Худойберганов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 0
Рейтинг: 3
t
×