Уруш ваҳимаси: Украина осмони ёпилмоқда
Олам
−
13 Февраль 2022
22176Бугун, 14 февралдан бошлаб Украина ҳаво ҳудуди Ғарб суғурта компанияларининг талаби туфайли амалда ёпилмоқда. Бу ҳақда “Страна.ua” манбаларга таяниб, хабар бермоқда.
Суҳбатдошлардан бири нашрга тушунтиришича, бошқа халқаро компанияларни қайта суғурталовчи йирик британиялик суғуртачилар бутун жаҳон самолётлари эгаларига Украинадаги барча самолётлар учун суғурта қопламаси 48 соатдан кейин ўз фаолиятини тўхтатиши ҳақида расмий хабар юборган.
“Душанба кун ўртасидан бирорта ҳам самолёт Украинадан учиб ўтмайди ёки учиб келмайди”, деган манба.
Хусусий самолёт эгалари бундай хабарнома олганини тасдиқлаган. Бу 48 соат ичида барча самолётлар Украинани тарк этиши кераклигини англатади.
Порталнинг яна бир суҳбатдошига кўра, биринчи муаммолар ўтган йил охирида, Украина авиаташувчисига самолётларни ижарага берган Европа компанияси икки самолётни мамлакатдан олиб чиқишни талаб қилган пайтда бошланган.
“Ўшанда бу нима билан боғлиқлиги ҳали тўлиқ тушунилмаган эди. Гап маълум бир ташувчининг муаммолари ҳақида кетяпти, у пулга қийналган ва тўлай олиши ҳақиқат даргумон бўлгани учун суғуртачилар самолётлар эгасига уларни Европага олиб кетишни маслаҳат берди деган миш-мишлар тарқалганди. Аммо январь ойидан бошлаб бундай ҳолатлар бошқа авиакомпанияларда ҳам такрорланди. Халқаро суғуртачилар улар хизмат кўрсатаётган хорижий авиаташувчиларнинг самолётлари Киевда тўхтаб қолмаслигини талаб қилмоқда”, деган нашр манбаси.
Унинг қўшимча қилишича, бўлажак “Россия ҳужуми” ҳақидаги кўплаб хабарлар Украина устидан парвозлар учун суғурта қопламасини тўхтатиш қарорини тезлаштирган.
Бундан ташқари, порталнинг Европа авиация бозори билан боғлиқ яна бир манбаси самолётларнинг аксарияти яқин келажакда мамлакатдан олиб чиқилиши мумкинлигини, чунки уларнинг барчаси ижарага берилганини таъкидлаган.
Украина ҳукумати мамлакат ҳаво ҳудудини ёпишни зарур деб ҳисобламаяпти. Бу ҳақда Украина Президенти девонхонаси раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк маълум қилди.
“Энг муҳими, Украинанинг ўзи осмонни ёпишдан маъно кўрмайди. Бу бемаънилик. Ва, менинг фикримча, бу қисман блокадага ўхшайди”, деган у.
Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти.АҚШ Презииденти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь