Уруш украиналик миллиардерларга қандай таъсир қилди?

Олам 17421
image

“Forbes-2022” рўйхатига киритилган украиналик миллиардерларнинг бойлиги Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан бери жами 9,7 миллиард долларга (45 фоизга) камайди. Бу ҳақда “Forbes” хабар берди.

Қайд этилишича, украиналик миллиардерларнинг баъзилари активларининг муҳим қисмини Украинадан ташқарида ушлаб тургани учун умумий капитали кескин камаймаган. 

Умуман олганда, дунёнинг энг бой одамлари рейтингига етти нафар украиналик миллиардер кирган. Уларнинг умумий бойлиги 11,9 миллиард долларга баҳоланмоқда, бу “Forbes”нинг ўтган йилдаги рейтингида келтирилган маблағдан 7 миллиард долларга кам. 

Маълумот учун, ўтган йил давомида собиқ Президент Пётр Порошенко рўйхатдан чиқиб кетди, бироқ бойлиги 1,1 миллиард долларга баҳоланган “Револут” асосчиси Влад Яценко қўшилди.

Порошенко эгалик қилувчи “Рошен” қандолатчилик компанияси ўз қийматининг қарийб 75 фоизини йўқотди.

“Уруш туфайли Киев ҳамда Борисполдаги иккита заводни ёпишга мажбур бўлгани сабабли унинг капитали икки баравардан кўпроққа — 700 миллион долларга камайганидан кейин Порошенко рўйхатдан тушиб кетди”, деб ёзади нашр.

Энг бой украиналиклар рўйхатини “Метинвест” кон-металлургия компанияси эгаси, бизнесмен Ринат Ахметов бошқармоқда, унинг бойлиги 4,2 миллиард долларга баҳоланган. Нашр унинг уруш бошланганидан бери йўқотишларини 4,3 миллиард долларга баҳолаган.

Украинанинг собиқ Президенти Леонид Кучманинг куёви Виктор Пинчук 1,9 миллиард доллар бойлиги билан февраль ойи охиридан бери 700 миллион доллар йўқотган. 

Кучли учликка “Оппозиция блоки” партиясидан Олий Рада депутати ва “Смарт Ҳолдинг” инвестиция гуруҳи эгаси Вадим Новинский якун ясаган. Нашр унинг бойлигини 1,3 миллиард долларга баҳолаган. Уруш бошланганидан бери унинг бойлиги 2,2 миллиард долларга камайди.

Энг бой украиналиклар рўйхатига тадбиркорлар Константин Жеваго, Геннадий Боголюбов, Влад Яценко ва Игорь Коломойский ҳам киритилган.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 563
Рейтинг: 2.9
t
×