Уруш одамлари ёхуд Афғон уруши қолдирган қонли из

Интервью 18268

Бугун бутун дунёда одамлар урушга  ўтмишдаги  воқеалик деб эмас, бугунниннг реаллиги сифатида қарамоқда. Аммо бу сўзнинг асл моҳиятини фақатгина урушни кўрганлар, жанг майдонида бўлганларгина қалбан тушунади ва бу сўздан қўрқади ҳам. Чунки улар уруш даҳшатини ўз танаси билан ҳис қилган.

Афғонистонга қарийб ярим асрдан буён тинчлик сўзи бегона. Мамлакат узоқ йиллар давомида гегемон давлатларнинг ўйин майдони бўлиб келган бўлса, яна кўп йиллар ички низоларнинг домида қолди. Нотинчликлар сабаб эса миллионлаб одамлар ҳаётдан кўз юмди.

Мамлакат тарихидаги энг кўп қон тўкилган уруш эса, шубҳасиз, Афғон урушидир.

Афғон уруши 1979 йил 25 декабрда бошланиб 1989 йилнинг 15 февралигача, қарийб 10 йил давом этган. 1933-1973 йилларда мамлакатни бошқарган Муҳаммад Зоҳиршоҳ даври Афғонистоннинг энг осуда йиллари бўлган. Бироқ 1973 йилда Афғонистон Бош вазири Муҳаммад Довуд давлат тўнтаришини амалга оширади ва Афғонистонда ҳокимиятни ўз қўлига олади. Бу пайтда Зоҳиршоҳ расмий ташриф билан Италияда бўлиб турган эди ва инқилоб сабабли мамлакатга қайтолмайди. Муҳаммад Довуднинг беш йиллик ҳукмронлигидан сўнг, Афғонистон яна нотинчликлар қуршовида қолди. Давлат ичида “Савр инқилоби” бошланади.

Исён оқибатида Муҳаммад Довуд вафот этади. Шундан сўнг мамлакат тахти Афғонистон халқ демократик партияси (АХДП) етакчиларига – Нурмуҳаммад Тараққий қўлига ўтади ва Бош вазир мақомида инқилобий кенгаш раиси Ҳафизуллоҳ Амин бўлади. 

Янги ҳукумат Афғонистондаги реал ҳаётни ҳисобга олмай ислоҳотлар ўтказишга киришди. Бу ислоҳотлар СССРда ўтказилган ислоҳотлар андозасига ўтиш эди. Шунинг учун ҳам Афғонистон халқи буларни қабул қилмади. Руҳонийлар ҳукумат сиёсатини Ислом асосларидан қайтиш, деб баҳолади. Улар аҳолини советпараст ҳукуматга қарши курашга чақирди. Миллионлаб халқ Покистон ва Эрон ҳудудига қочиб ўтди. Ҳукуматга қарши кучлар иттифоқи вужудга келди. АХДПда бирлик бўлмади. 1978 йил 17 августда Б.Кармал, Абдулқодир ва бошқалар фитнада айбланиб қамоққа олинди. Бу омил мамлакатда фуқаролар уруши бошланишини муқаррар қилиб қўйди. 

Эълон қилинмаган бу урушни Ғарб рағбатлантирди. Афғонистондаги вазиятни эса дунёнинг икки йирик давлати АҚШ ва СССР диққат билан кузатиб турган эди. Бунинг устига АХДП ичида ҳокимият учун кураш бошланди. Шундай шароитда, 1979 йил сентябрь ойида Нурмуҳаммад Тараққий ўлдирилди.

Ҳокимиятни унинг ўринбосари, суиқасд ташкилотчиси Ҳафизуллоҳ Амин эгаллади. Мамлакатда террор ва зўравонлик авж ола бошлади. Ҳукумат қўшинлари кучсизланиб, уларнинг назорати остида фақат Қобул ва яна бир нечта шаҳар қолди, холос. Шу пайтда Афғонистондаги ишларга СССР арашди ва 1979 йил 25 декабрда СССРнинг қўли билан Амин ҳукумати ағдарилди. СССР Ҳафизуллоҳ Аминга ёрдам бериш баҳонасида уни заҳарлаш операциясини тузган эди.

Аммо СССР ҳукуматини ўзига яқин дўст билган Ҳафизуллоҳ Амин бу ишни советларнинг ўзи қилаётганини билмас эди. 

1979 йил 27 декабрда КГБнинг “Альфа” ва “Зенит” гуруҳларидан иборат 700 нафарга яқин аскар Қобулнинг Доруломон туманидан Ҳафизуллоҳ Аминнинг Тожбек қароргоҳига ҳужумга ўтади. Дастлаб алоқа тармоғи портлатилади. Натижада бутун Қобул, жумладан Аминнинг қароргоҳи алоқасиз қолдирилади.

КГБ агар бу операция барбод бўлган тақдирда барчаси “Мусулмон батальони” командири Ҳабибжон Холбоевнинг мастликда қилган ҳаракати дея эълон қилинишини режалаштирган ва командирни кўпчилик кўз ўнгида жазолашни  мўлжаллаганди. Командир Ҳабибжон Холбоев эса шунчаки совет ҳукуматининг буйруғини бажараётган ўзбек офицери эди. 

СССРга содиқ бўлган ва Прагадаги элчилик вазифасидан Афғонистонга келган Бабрак Кармал президентлик лавозимига ўтказилди. 28 декабрда СССР ўз ҳарбий қисмларини Афғонистонга киритди. Тез орада бу қўшинлар сони 85 минг кишига етди. Жаҳон жамоатчилиги СССРнинг бу ҳаракатини қаттиқ қоралади. Шунингдек, Афғонистонга кўз тикиб юрган Америка ва СССР муносабатлари янада кескинлашди. Женевада айнан шу масалада 1982 йилдан бошлаб БМТ комиссияси ишлади. Бутун дунё эътибори Афғонистондаги жараёнларга қаратилган эди. Асосан Покистон ҳудудига жойлашган мухолифатчи кучлар  замонавий қуроллари билан қуроллантирилди. СССР қўшинлари Афғонистонда 10 йил турди, лекин ҳеч қандай амалий ютуққа эришмади.

Мамлакатдаги муҳолифат кучлари тинимсиз совет қўшинларига нисбатан қаршиликларни давом эттираверди. 

Натижада СССР аскарлари сонини оширишга, ҳарбий операцияларини кучайтиришга интилди. Бироқ у ҳимоя қилган режим барибир Афғонистонда ҳеч нарсага эриша олмади. Чунки Афғонистон ҳукумати совет нусхасидаги жамиятни қурмоқчи бўлган эди. Афғонистонда бундай жамиятни қуришнинг эса иложи йўқ эди. Иккинчидан, афғон халқи кўз ўнгида янги ҳукумат атеистик давлат армиясини ўз давлати ҳудудига киритиб катта хатога йўл қўйган эди.

Бундай ҳукуматни қўллаш эса ундан-да катта хато бўлар эди. Шу тариқа СССР Афғонистонда ҳарбий муваффақиятсизликка учради. Буни яхши англаб етган Михаил Горбачёв СССР армиясини Афғонистондан олиб чиқиб кетишга қарор қилди ва 1989 йилнинг февраль ойида бу вазифа амалда бажарилди. Аммо 10 йиллик уруш ўзидан яхшигина из қолдиришга улгурган эди. 

1988 йил Афғонистон Президенти Нажибулло берган статистикага кўра,  урушда 243 минг 900 нафар одам вафот этган. Шундан 35 минг 700 нафари аёл, 20 минг 700 нафари ёш бола. Қолганлари ҳарбий хизматчилар ва фуқаро эркаклар. 77 минг киши эса яраланган ёки ногирон бўлган.

АҚШ манбаларида эса Совет-Афғон урушида бир миллион одам ҳалок бўлгани келтиради. Аҳмад Шоҳ Масъуд эса бир ярим миллион одам ҳалок бўлгани, беш миллион одам мамлакатдан қочиб чиқиб кетгани ҳақида маълумот берган. Бироқ ҳозирда Афғонистон ҳукумати ўн йиллик урушда 330 минг афғон ҳалок бўлганини айтмоқда.  

Жангларда жами 15 мингдан ортиқ совет жангчилари ҳалок бўлди. 14 минг 427 аскар ва офицерлар, КГБнинг 576 та ходими, ички ишлар Вазирлигининг 28 ходими, ўша пайтда СССР чегарасида турган 514 та чегарачи ҳалок бўлди. 416 минг киши эса касаллик (контузия, асаб ва б.) орттириб олишди. 

Афғон урушида иштирок этган совет армияси 650 минг ҳарбий хизматчидан иборат эди. Энг кўп ҳалок бўлиш 1984 йилга тўғри келди. Ўша йилнинг ўзида совет армиясидан 2 минг 343 та аскар ва офицерлар ўлдирилди. Совет армиясидан жами 417 та ҳарбий хизматчи асирга тушди ёки бедарак йўқолди.

Шундан 130 таси уруш вақтида асирликдан озод қилинди. Асирларни озод қилишда АҚШ ҳам иштирок этди. Тахминан 30 киши асирликдан кейин СССРга қайтмай, Европа ва Америкада яшашга қарор қилган.

СССРда Афғон урушидан энг кўп жабр чеккан ҳудудлар Марказий Осиё республикаларидир. Чунки энг кўп аскар шу ҳудуддаги иттифоқдош республикаларидан олинган эди. 

Ўша пайтда ҳам собиқ Совет ҳукумати биринчи бўлиб марказий осиёликларни урушга сафарбар қилган. Ҳаракатдаги армияга ёрдам бериш учун 27 декабрь куни Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистондан умумий ҳисобда 32 минг захирадаги ҳарбий хизматчилар сафарбар этилади. Худди шундай, Ўзбекистон собиқ Совет Иттифоқи таркибида бўлган пайтда  бизники бўлмаган урушга кўплаб ўзбеклар сафарбар этилган. 

Жумладан, Ўзбекистондан жами 64 500 нафар йигит Афғон урушида иштирок этган ва улардан 1522 нафари урушда ҳалок бўлган. 2500 нафардан ошиқроқ ўзбекистонлик аскарлар эса бутун умрга ногирон бўлиб қолган. Аскарлар, асосан, 18-19 ёшли йигитлар эди.

Ҳулкар Муртазоева
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 455
Рейтинг: 3
t
×