Уруш кетаётган Украинадан ўзбекистонликларни эвакуация қилиш якунланди

Жамият

image

Ўзбекистон фуқароларини Украинадан Польша ҳудуди орқали Ватанга эвакуация қилиш жараёни ниҳоясига етди. Бу ҳақда “Dunyo” ахборот агентлиги Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Баҳром Бобоевга асосланиб, хабар берди.

Қайд этилишича, Львов шаҳрида тўпланган Ўзбекистоннинг дастлабки ўттиз нафар фуқароси 27 февраль куни эрталаб "Краковец-Карчова" назорат-ўтказиш пункти орқали Украина-Польша чегарасини кесиб ўтган. Куннинг охирига бориб, Польша ҳудудидаги назорат-ўтказиш пунктининг жамлоғида 400 нафарга яқин одам тўпланган. 

“Чегарада асосан Украина фуқароларидан иборат кўп минг кишилик қочқинлар сафи юзага келди, Польша ҳудудига ўтиб олишлари учун салкам 20 соатгача кутишга мажбур бўлдик. Мамлакатимиз фуқаролари орасида болали аёллар, талабалар, Украинада вақтинча ўқиган ёки ишлаган компаниялар ходимлари бор эди”, дейди Баҳром Бобоев.

Хабарга кўра, 28 февраль куни биринчи самолёт Катовице шаҳри аэропортидан Тошкентга учиб кетган. Ҳар куни “Uzbekistan Airways” АЖ тасарруфидаги 2-3 та махсус самолёт Тошкентга учган. Польшадан ҳаммаси бўлиб 25 ҳаво қатнови воситасида  5786 нафар фуқаро Ўзбекистонга элтиб қўйилган.

“Дастлаб Ўзбекистонга учишни хоҳловчилар сони 1,5-2 минг нафардан ошмаслиги тахмин қилинган эди, бироқ Украинадаги тез ўзгарувчан вазият бу тахминларга мос келмади. Одамларнинг келиши кун сайин ўсиб борди, 2-4 март кунлари эса уларнинг сони жуда кўпайди - ўша кунлари тўпланиш нуқтаси ва аэропортнинг ҳар бирида Ватанга учишни истаётган 700-800 нафардан одам тўпланди”, дейди элчи.

Таъкидланишича, Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш давомида турли сабабларга кўра ёнида зарур ҳужжатлари бўлмаган юртдошларга консуллик томонидан Ватанига қайтишлари учун 322 та гувоҳнома берилган. Бошқа давлатлар орасида Ўзбекистон Украинадан ўз фуқароларини биринчи бўлиб олиб чиққан.

“Биз учун ушбу қийин даврда энг юксак инсоний фазилатларни намоён этган Польша ҳукумати ва мамлакат фуқароларига чин кўнгилдан миннатдорлик билдираман”, дейди элчи.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг