Уруш фонида Эронда ҳокимият ағдарилиши мумкинми?

Олам

image
Камтарона ҳаёт ва шеърият: Эрон олий етакчиси Хоманаий ҳақида нималар маълум? north_east

Камтарона ҳаёт ва шеърият: Эрон олий етакчиси Хоманаий ҳақида нималар маълум?

“Эрон таслим бўлмайди ва ўзини ҳимоя қилишда давом этади”. Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий 18 июнь куни телевидение орқали халққа йўллаган мурожаатида шундай деганди. Оятуллоҳ Хоманаий ҳозирги қаерда экани номаълум.

Исроил 13 июндан бери Эрондаги ҳарбий ва ядровий объектларни атайлаб бомбардимон қилмоқда. Бу ҳужумлар Теҳроннинг ўз ядро бомбасини яратишига йўл қўймаслик учун қилингани айтилди. Эрон бунга жавобан Исроил ҳудудига ракета ва учувчисиз самолётлар учирди.

Эрон аҳолиси орасида Хоманаий, шунингдек, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг юқори мартабали ҳарбий амалдорлари Исроил зарбалари нишонига айланиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар мавжуд.

Режим заифми?

Ҳозирда кўпчилик эронликларни ўйлантираётган асосий савол шуки, ҳатто ўз мулозимларини ҳимоя қила олмайдиган режим мамлакат ҳудудий яхлитлигини сақлаб қолишга даъво қила оладими? Муҳожирликда яшаётган эронлик эксперт Мажид Ғолпур учун жавоб аниқ:

“Ракетага қарши мудофаа тизими ёки Эрон раҳбариятининг ҳимояси ҳақидаги барча даъволарга қарамай, бу режимнинг мутлақ самарасизлиги жамоатчиликка аён бўлди”, деб ёзди у.

Бироқ, социолог Ғолпурнинг фикрича, Исроилнинг давомли ҳужумлари Эрондаги мавжуд тузумнинг қулашига олиб келиши эҳтимоли биринчи навбатда ишончли сиёсий муқобил мавжудлигига боғлиқ.

“Энди миллий сиёсий кучлар бирлашган низомни тақдим этиш вақти келди – ҳам мавжуд тузумга, ҳам ташқи таҳдидларга қарши. Аммо ҳозирча аниқ режалар, самарали коалиция ва мухолифат ичида ишлай оладиган тузилмалар мавжуд эмас”, дейди у.

Эронда режим ўзгариши эҳтимоли қанчалик реал?

Хориждаги Эрон мухолифати иккига бўлинган. Диаспоранинг бир қисми 1979 йилда тахтдан ағдарилган Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг тўнғич ўғли Ризо Паҳлавийни ўтиш даврининг эҳтимолий раҳбари ёки миллий бирлик рамзи сифатида кўради. Ислом инқилобидан бери у асосан АҚШда муҳожирликда яшаган ва Эрондаги режимга қарши мухолифат етакчиси сифатида фаолият юритган. Бироқ Эроннинг ўзида унинг сиёсий ташкилоти йўқ. 

2023 йилда Ризо Паҳлавий Қуддусда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан учрашди

Бироқ, Яқин Шарқ институтининг норезидент илмий ходими, сиёсатшунос Шукрия Брадостнинг фикрича, агар Эрон режими жиддий заифлашса, сиёсий бўшлиқ пайдо бўлиши мумкин. Бу эса мухолифат гуруҳлари учун норозилик намойишларини уюштириш ва туб ўзгаришларни амалга оширишга киришиш учун имконият бўлади.

Айни пайтда, Яқин Шарқ бўйича немис эксперти Эккарт Вёрцнинг фикрича, Эронда режим ўзгариши эҳтимоли жуда паст, чунки ҳокимиятни мажбуран алмаштириш учун кимдир ичкаридан куч ишлатиши керак бўлади.

“Мен Эрон ичида амалдаги тузумни ағдариб юбориши мумкин бўлган оммавий норозилик ҳаракатини кўрмаяпман”, дейди у.

Унинг таъкидлашича, ҳатто Исроил ва Эрон ўртасидаги можаронинг кучайиши фонида ҳам бу мумкин эмас.

“Режим ўзгариши ҳеч қачон фақат ҳаводан бомбардимон қилиш орқали содир бўлмаган ва мен ҳозир Эрон бундан мустасно бўлади, деб ўйламайман”, дея таъкидлади эксперт.

Эрон ватанпарварлиги калитми?

Ушбу сценарийда ҳал қилувчи омил кўплаб эронликларнинг ўз мамлакатига ватанпарварлик билан боғлиқлиги бўлиб, бу ҳозирги раҳбарлар фойдасига ўйнаши мумкин. Зеро, айнан аҳолининг ватанпарварлиги Эронда 1979 йилги инқилобдан кейин тузумни барқарорлаштиришга ёрдам берди.

1980 йил кузида Саддам Ҳусайн бошчилигидаги Ироқ Эронга ҳужум қилганда, аҳоли ҳам таҳдидга қарши туриш мақсадида ватанпарварлик туйғусини уйғотди. Саккиз йиллик уруш давом этди, унда бир миллион эронлик ҳалок бўлди.

Айни пайтда, Ғарбда Исроил ва Эрон ўртасидаги зиддият кучайган бир пайтда фикрлар иккига бўлингандек. Теҳронга қарши кескин риторикага қарамай, Эрон режимини ўзгартириш бўйича изчил стратегия йўқ.

Тинчлик бўйича Нобель мукофоти совриндори Наргес Муҳаммадий Исроилни Эронга ҳужумларни тўхтатишга ва АҚШни можарони юмшатиш учун чоралар кўришга чақирди.

“Президент Трампдан бу урушга кирмасликни ва унинг ўрнига уни тугатишни сўрамоқчиман. Бутун Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатиш режими бўлиши керак”, деди у CNN телеканали орқали АҚШ Президентига.

Бироқ 22 июнь куни АҚШ ҳам урушга қўшилди ва Эроннинг учта ядровий объектига – Фордо, Натанз ва Исфаҳонга зарба берди. АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон раҳбариятининг алмашиши ғоясини инкор этмади.


Мақола муаллифи

Теглар

Эрон Оятуллоҳ Али Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг