Ўрта аср геноциди ёхуд Қуддус учун мусулмонларга қарши очилган уруш
Таҳлил
−
16 Сентябрь 2021
28061Инсоният тарихига назар солсак, минглаб қонли урушларга гувоҳ бўламиз. Тарихда шундай ҳарбий тўқнашувлар бўлганки, бу жанглар бир неча асрга чўзилган. XI аср охиридан бошлаб европалик баронлар ва рицарлар бойлик илинжида Яқин Шарқдаги мусулмон ерларига истилочилик юришларини бошлашди. Бу ҳарбий ҳаракатлар тарихда “Салиб юришлари” ёки “бутнинг – ярим ойга қарши кураши” деб номланди. Бугунги тарихий мақоламизда дастлабки салиб юришлари ва унинг сабаблари ҳақида сўз юритамиз.
Салиб юришларининг таърифи
Салиб юриши деганда Европа феодалларининг узоқ вақт давомида аниқроғи XI аср охирдан, то XIII аср охиргача Яқин Шарқ – Сурия, Фаластин, Миср, Болқон ярим ороли ва бошқа ҳудудларга олиб борган катта ҳарбий юришлари назарда тутилади.
Бу ҳарбий юриш аслида диний руҳдаги қуролли экспедиция эди. Чунки католик черкови бу юришни “бутнинг – ярим ойга қарши, христианликнинг – Исломга қарши курашидир”, деб эълон қилган. Бу ҳарбий ҳаракатдан муддао Фаластин шаҳрини “кофирлардан” халос қилиш ва христианлар эътиқодича, Қуддусдаги “Исо пайғамбар қабри”ни христианларга қайтариб бериш бўлган. Ҳақиқатда эса бу босқинчилик юриши бўлиб, унда европалик баронлар, рицарлар, деҳқонлар, ҳатто, ҳукмдорлар ҳам қатнашган.
Салиб юришларининг сабаблари
Салиб юришининг асил сабаблари XI асрнинг иккинчи ярмида Яқин Шарқда ва Европада юз берган ўзгаришларга бориб тақалади. Салиб юришларига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:
Биринчи – европада XI асрда шаҳарларнинг юксала бориши давомида ички ва ташқи савдо ривожланди. Европадаги майорат (ер-мулкни майдаланиб кетмаслиги учун мулкни катта ўғилга мерос қилиб қолдириш удуми) тизимининг тарқалиши кўплаб рицарларни ишсиз қилиб қўйди. Эндиликда ишсиз қолган рицарлар турли можароларга аралашиб, баъзида очиқчасига йўлтўсарлик қилиб, савдогарларни талашар ва ҳатто монастирларга ҳужум қилишар эди. Шундай шароитда рицарларнинг диққат-эътиборини бошқа нарсага жалб этиш зарур бўлган.
Иккинчи – европа шаҳарларининг барчаси Византия ва Шарқ мамлакатлари билан савдо қилишдан манфаатдор бўлишган. Хусусан, Ғарб бозорларида Шарқдан келтириладиган ипак матолар, қимматбаҳо қурол-аслаҳалар, шишадан тайёрланган бадиий буюмлар ва зираворларга талаб кучли бўлган. Савдогарларнинг биргина Шарқдан муваффақиятли келган карвони катта бойлик келтирган. Ўша вақтда денгиз ортидаги Шарқ мамлакатлари ҳақида турли афсоналар кенг тарқалган эди. “Шарқ – ердаги жаннат”, деган тушунча европа ҳукмдорларида катта қизиқиш уйғотган.
Учинчи – 1054 йилда христиан черкови иккига Шарқий (православ), Ғарбий (католикка) бўлиниб кетди. XI асрда Рим папалари Европа ҳукмдорлари орасида бош ҳакамликка даъво қилаётган эди. XI аср ўрталарида Византия империясининг заифлашиб қолиши Рим папасининг шарқий христиан черкови устидан ҳукмронлигини қайта тиклашга бўлган интилишини кучайтирди.
Тўртинчи – XI асрда Салжуқий турклар Яқин Шарқдаги Византия империясининг (ҳозирги Туркия) ҳудудларига босқинчилик юришини амалга ошириб, баъзи ҳудудларни босиб олишди. Бу эса Византия императорларини ваҳимага сола бошлади. Тез орада, Салжуқий турклар Константинополга қўшни бўлган Ника шаҳрини эгаллаб олиб, у ерни ўзларига пойтахт қилиб оладилар. 1071 йилда турклар Манцикерт шаҳри яқинида византияликларни мағлубиятга учратади. Шундан сўнг, Византия императори Алексей Камнин туркларга қарши ёрдам сўраб, Рим папаси ва Германия императорига бир неча маротаба мактуб йўллади. Бу мактублар Европа ҳукмдорлари ва Рим папаси учун чақириқ қўнғироғи бўлиб хизмат қилди.
Шу тариқа, XI асрнинг охирида Европада вужудга келган ички ва ташқи сиёсий вазият салиб юришлари учун замин яратди.
Биринчи салиб юриши
1095 йил ноябрь ойининг охирида Франциянинг жанубидаги Клермон шаҳрида католик черковининг умумжаҳон йиғини бўлиб ўтди. Рим папаси Урбан II йиғин тугаганидан сўнг тўпланган епископлар, аббатлар, рицарлар, минглаб аҳоли вакиллари ҳузурида нутқ сўзлайди. Папа “пайғамбар қабрини” озод этиш учун барчани салиб юришига чақирди. Урбан II ушбу юришда қатнашиб, ҳалок бўлганларнинг гуноҳларидан кечишини, “ким бу ерда ғамда ва камбағалликда бўлса, у ер (нариги дунё)да хушчақчақ ва бой бўлади”, деб ваъда беради. У “Қуддусни ернинг киндиги, жаннатмакон ўлка, унда асал ва сут дарё бўлиб оқади”, деб таърифлайди. Тўпланганлар “Худонинг хоҳиши шу”, деб ҳайқириб, шу ернинг ўзида кийимларига матодан тайёрланган бут шаклини тика бошлайдилар.
Рим папасининг чақириғи қисқа вақт ичида бутун Европага кенг ёйилди. 1096 йилнинг баҳорида Шимолий ва Шарқий Франция, қисман Ғарбий Германиядаги деҳқонлар салиб юриши учун йўлга тушди. Қўйни пуч ёнғоққа тўлган деҳқонларга монах Пётр Амьенский ва кичик мулкдор рицер Вальтер Голяк бошчилик қилди. Деҳқонлар гуруҳи йўл-йўлакай шаҳар ва қишлоқларни талади. Жумладан, Рейн дарёси бўйидаги шаҳарлардан ўтиб кета туриб, у ердаги Клён, Майнс ва бошқа шаҳарларни талон-торож қилдилар. Улар Венгрия ва Болгария орқали Константинополга етиб келади. Кейинчалик, салибчилар Константинополь шаҳридан Кичик Осиё соҳилига ўтказиб қўйилди. Деҳқонлар гуруҳи тез орада турк қўшини билан тўқнаш келди. Турклар илк тўқнашувдаёқ қуролланган деҳқонларнинг кўпчилик қисмини қириб ташлайди.
1096 йилнинг кузида асосан француз, итальян, қисман Ғарбий Германия рицарлари Шарққа жўнаб кетади. Бу юришга қуйи Лотарингия герцоги Готфрид Бульонский бошчилик қилиб, ўзи билан бирга икки укаси Балдуин билан Естафийни олиб кетади. Биринчи салиб юришида жами бўлиб, 30-40 минг рицер қатнашади. Салибчилар 1097 йилнинг баҳорида Константинополь шаҳрига етиб келади.
1097 йилнинг ёзида салибчилар Шарқий Рим императорига “турклардан тортиб олинган ерларни Византияга берамиз”, дея ёлғон ваъда бериб, Кичик Осиёга ўтиб кетишди. Дорилея яқинида бўлиб ўтган жангда оғир қуролланган салибчилар туркларни мағлуб этди. Шундан сўнг, улар Фаластин томон ҳаракат қила бошлайди. Жазирама иссиқ, тоғли йўллар салибчилар учун катта қийинчилик туғдирди. Юришда қатнашаётган кўплаб рицарлар сувсизликдан йўлда ҳалок бўлди. Агар салибчилар Шимолий Сурия чегарасида арманларга дуч келмаганларида, бу юриш тамомила барбод бўлар эди. Киликия “Кичик Арманистон”, деб аталган ўлка салибчилар ёрдамидан манфаатдор эди. Чунки ўша вақтда арманлар Византия билан ҳам, турклар билан ҳам душманлик муносабатида бўлишган.
Қуддуснинг эгалланиши
1099 йилнинг бошида салибчилар Қуддус томон юриш бошлади. Рицарлар қўшини 1099 йилнинг ёзида Муқаддас шаҳарга етиб келди. 15 июль куни салибчилар Қуддус шаҳрини қўлга киритишди. Европалик рицарлар ёши ва жинсидан қатъи назар шаҳардаги мусулмон ва яҳудийларнинг барчасини қиличдан ўтказди. Ҳатто, шарқий шаҳар аҳолиси бўлган насронийлар душманга ёрдам беришда айбланиб, ўз уйларидан қувилган.
Муқаддас шаҳарнинг кўчалари ҳеч қандай сабабсиз тўкилган қон денгизи билан ювилди. Қирғинлар ҳарбий зарурат билан эмас, балки фақат одамларнинг қалбига даҳшат солиш истаги билан қилинди.
Бугунги кунда тарихчилар ушбу қирғинни “ўрта аср геноциди”, деб аташади. Бу фақат ўша пайтдаги европаликларнинг эшитилмаган ваҳшийлиги ва ақидапарастлиги билан изоҳланади. Мусулмонлар ҳақли равишда қасос олмоқчи бўлишди ва қарийб юз йилдан кейин буни амалга оширишди.
Муқаддас шаҳарнинг олиниши Ғарбда катта шодиёналар билан нишонланади. Ушбу шаҳарда салибчилар Қуддус қироллигини тузишди. Унинг ҳудудига Фаластин ва Жанубий Сурия ерлари киритилди. Қироллик тахтини “пайғамбар тобутининг ҳимоячиси” номи билан Готфрид Бульонский эгаллади.
Муқаддас шаҳар эгаллангач, Европадаги минглаб рицарлар, деҳқонлар Шарқ томон кўча бошлади. Лонбардияликлар (французлар) салжуқий турклардан Акра шаҳрини тортиб оладилар. 1101-1109 йилларда Қуддус қироллигига Хайфа, Кесария, Акра, Тириполи, Сайда ва Байрут шаҳарлари қўшиб олинди. Кўп ўтмай, салибчилар Тириполи графлигини тузишди. Тез орада Миср ва Киликия ўлкаси оралиғидаги Ўрта Ер денгизининг Шарқий соҳиллари европаликлар қўлига ўтди.
Салибчилар тузган давлатлар
Салибчилар туркларнинг орасидаги низолардан фойдаланиб Кичик Осиёдаги вилоятларни бирин-кетин эгаллаб олишди. Шундан сўнг, европаликлар аста-секин Шарқда ўз давлатларига асос сола бошлади. Дастлаб, Эдесса ва Триполи графлиги кейинчалик, Антиохия князлиги ташкил этилди. Улар Қуддус қироллигига бўйсунган.
Диний-рицарлик орденлари
1099-1100 йилларда биринчи салиб юриши тамом бўлганидан сўнг рицарларнинг бир қисми Европага қайтиб кетди. Фаластинда бир неча минг жангчи қолди, холос. Салибчилар эгаллаб олинган ерларни мудофаа қилиш учун ўзига хос доимий қўшин тузишга мажбур бўлишди. Шундан сўнг, рицарларга ёрдам тариқасида учта диний-рицарлик ордени ташкил этилди.
1199 йилда биринчи бўлиб, “Тампилер” ёки “Ибодатхона аҳллари” деб номланган француз ордени таьсис қилинди. Ривоятларга кўра, орден биноси қадимий подшоҳ Сулаймоннинг яҳудий ибодатхонаси яқинида бўлган. Тамплиерлар ордени ташкил этилганидан кейин, тез орада шунга ўхшаш “Госпиталиерлар” ёки “Ионнитлар” (ушбу ном авлиё Иоанн шарафига қўйилган), дея номланган итальян ордени тузилди. Бу орден аъзолари шифохоналарда зиёратчилар ва рицарларни даволаган. 1190 йилда эса учинчи “Тевтон” диний-рицарлик ордени таъсис этилди.
Бу орденларни олганлар бир вақтда ҳам монарх, ҳам рицар бўлиб хизмат қилишган. Уларнинг махсус монархлик қонунлари ва ҳарбий бошлиқлари бўлган. Диний-рицар орденлари соҳиблари бевосита Рим папасига бўйсунган.
Диний-рицарлик орденлари XII асрда Қуддус қироллигидаги энг қудратли ва жипслашган куч бўлган. Лекин уларнинг мустақил ҳаракат қилиши катта ер эгалари билан ўзар низо келтириб чиқарди. Бу эса салибчилар давлатининг заифлашувига олиб келди.
XII асрда Кичик Осиёдаги мусулмон амирликлар бирлашиб, христианлар эгаллаб олган ерларни қайтариб ола бошлади. Мосул амири 1144 йилда Эдесса графлигини эгаллаб, Антиохия князлигига хавф солди. Бу эса навбатдаги салиб юришига сабаб бўлди.
Иккинчи салиб юриши
Иккинчи салиб юриши 1147-1149 йилларда ташкил қилинди. Унинг ташкилотчиси Клевро монастири аббати Бернар бўлди. Иккинчи салиб юришида Франция қироли Лудовик VII ва Германия қироли Конрад III ўз қўшинлари билан иштирок этишди. Аммо, бу юриш муваффақиятсиз якунланди. Немис салибчиларини Кичик Осиёда салжуқий турклар тор-мор этишди. Франциялик салибчилар бўлса, Дамашқ шаҳрини эгаллай олмагач, ортга қайтиб кетишди.
1171 йилда Миср ҳукмдори бўлган Салоҳиддин ал-Айюбий салибчиларга қарши кураш бошлайди. У 1187 йилда Тивернад кўли бўйидаги жангда рицарлар қўшинини енгиб, Қуддус шаҳрини христианлардан қайтариб олади. Муқаддас шаҳарнинг бой берилиши навбатдаги салиб юришига баҳона бўлди. Галдаги ҳарбий юришида Англия қироли Ричерд I Шерюрак, Франция қироли Филлип II ва Германия императори Фидрих I Барбаросса иштирок этади.
Келгуси мақоламизда Учинчи салиб юриши ва Қуддус шаҳрининг христианлардан тўлиқ қайтариб олиниши ҳамда Салоҳиддин ал-Айюбийнинг салибчиларга қарши олиб борган курашлари ҳақида маълумот берамиз.
LiveБарчаси