Ўрмон хўжалиги қўмитаси ёнидаги 5 туп терак кесиб кетилди
Жамият
−
18 Октябрь 2022
4251Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ёнгинасида 5 туп дарахт кесиб ташланди. Бу ҳақда “Yoshlar” телеканалининг “Yangi davr” дастурида маълум қилинди.
Дарахт кесилгани ҳақидаги хабарни биринчи бўлиб, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ўзининг Telegram'даги саҳифасида маълум қилган. У Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ёнида жойлашган автотураргоҳда дарахтлар кесилгани, бу ҳолатга дарҳол чора кўриш зарурлигини айтган.
“Тошкентдаги Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ёнида жойлашган автотураргоҳда дарахтлар кесиб кетилибди. Иш шунчалик усталик билан қилинганидан дарахтлар ҳам олиб кетилган. Наҳот ҳеч ким кўрмаган бўлса? Ўрмон хўжалиги қўмитасидагилар ҳам кўрмаганми шунда? Масъуллар қаерга қараяпти? Шуни текшириб, чора кўришсин. Дарахт кесиш тўхтамаяпти-ку”, деб ёзган депутат.
“Yangi davr” кўрсатуви ижодкорлари ҳолат содир этилган жойга бориб, воқеани ўрганган. Маълум бўлишича, Қибрай тумани Университет кўчасида жойлашган автотураргоҳ ҳудудида 5 туп терак дарахти кесилган.
“Қибрай тумани университет кўчасида жойлашган “SBS-MAX” МЧЖ автотураргоҳ корхонаси 3 октябрь куни Давлат хизматлари марказига беш туп қуриган, авария ҳолатидаги терак дарахтларини кесиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган. Шу ариза асосида экология инспекторлари беш туп терак дарахтини келиб ўрганишганда, ҳақиқатдан ҳам дарахтлар қуриган, касалланган, авария ҳолатида экани аниқланган”, дейди мутахассис.
Унинг қўшимча қилишича, терак дарахтлари мораторий дастурига киритилмаган ва кам қийматли ҳисобланади. Қолаверса, дарахтларни кесиш учун далолатнома ҳам расмийлаштирилган.
“Корхонага тегишли ҳудудда дарахтларни кесиш учун ўтказилган ўрганиш далолатномаси бор. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент вилояти бошқармасининг 2022 йил 5 октябрдаги 24.37.0505 рақамли рухсатномаси асосида, корхона ўзининг мулки бўлган терак дарахтларини кесишига рухсат берилган. Дарахтлар қонуний асосда кесилган”, дейди Экология ва атроф-мухитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Қибрай туман бўлими бош мутахассиси Қобил Тўйчиев.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошлиғи ўринбосари Сангин Мадаминовга кўра, корхона раҳбари қўмитага ҳам дарахт кесиш масаласида мурожаат қилган.
“МЧЖ автотураргоҳ ҳудудидаги терак дарахтини кесиш юзасидан Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасига мурожаат қилган. Бу ҳудуд қўмита тасарруфида бўлмагани сабабли ягона дарча орқали Тошкент вилояти Экология бошқармасига мурожаат қилишлари дарахтларнинг ҳолати ўрганилиб, хулоса берилишини маълум қилганмиз”, дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси бошлиғи ўринбосари.
LiveБарчаси