Урганч давлат университетига нисбатан иш қўзғатилди

3-саҳифа

image

Бошланғич нархи 29,7 млрд сўмлик давлат харидларида қонун бузилишига йўл қўйган Урганч давлат университетига нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш юзасидан тегишли суд органига маълумотлар юборилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қайд этилишича, Рақобат қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси вилоят прокуратурасининг топшириғига асосан Урганч давлат университети томонидан давлат хусусий шерикчилиги асосида 7 қаватли, 600 ўринли талабалар тураржойи биноси қурилиши бўйича бошланғич нархи 29,7 млрд сўм бўлган  тендер савдоси юзасидан ўрганиш ишларини ўтказган.

Ўрганишлар давомида университет томонидан Хоразм вилояти қурилишда танлов савдоларини ташкил этиш консалтинг марказига юборилган анкетада “7 қаватли, 600 ўринли талабалар тураржойи биноси қурилиши” объектини соҳавий мансублиги ва хавф-хатар тоифаси II тоифа қилиб белгиланганлиги маълум бўлган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 августдаги  496-сонли қарорига асосан, 9 қаватгача бўлган Олий таълим муассасалари III тоифа сифатида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига жойлаштирилиши лозимлиги қайд қилинган.

Аммо Урганч давлат университети томонидан III тоифа сифатида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига жойлаштирилиши лозим бўлган объектни II тоифа қилиб белгилаши натижасида бошқа вилоятдаги қурилиш ташкилотларининг тендерда иштирок этиши чекланган.

Юқоридагиларга асосан, ҳудудий бошқарма Махсус комиссияси томонидан Урганч давлат университетига нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 29-моддаси талаблари бузилиши юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан буюртмачи ташкилот мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш юзасидан тегишли суд органига маълумотлар юборилди.

Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг