UNESCO рўйхатига кириши кутилаётган меъморий обида ери ноқонуний аукционга қўйилди
Маданият-санъат
−
08 Февраль 2022
6825Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилоятидаги “Чор Бакр” мажмуасидаги ер аукцион савдосига қўйилганлиги тўғрисида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги расмий муносабат билдирди.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Маданий мерос инспекцияси ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг жорий йил 17 январда Бухоро вилоятида Хизмат текшируви ўтказиши натижасида Бухоро тумани “Шергирон” МФЙ ҳудудида жойлашган давлат муҳофазасига олинган “Чор Бакр” (мажмуаси) маданий мерос объектининг муҳофаза теграларида ер участкалари ижарага ва мулк ҳуқуқи асосида ноқонуний электрон онлайн-ауционга қўйилгани аниқланнган.
Бухоро вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан жорий йилнинг 7 январь куни (03-м/21-сонли) Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлар палатаси Бухоро вилояти бошқармасига йўлланган мурожаат хатига кўра “Чор Бакр” мажмуаси қўриқланадиган теграсидан 0,018 га 6 та жами (0,10,8 га) бўш турган ер участкасини “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимидан чиқариб ташлаш чораларини кўришни билдирган.
Давлат кадастрлар палатаси Бухоро вилояти бошқармаси томонидан Бухоро вилояти маданий мерос бошқармасига 12 январда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги 1023-сонли қарорнинг 63-бандига асосан маданий мерос объектининг қўриқланадиган тегралари ҳудудидан танланган ер участкалари Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлар палатасига юборилганлиги маълум қилинган.
Шунингдек, Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси 10 январь куни (03-м/25-сонли) Бухоро тумани хокимига, “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига қўйилган 6 та ер участкасини аукциондан чиқаришда ҳамда “Чор Бакр” мажмуасининг муҳофаза теграларида тарихий-маданий муҳити, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолиш мақсадида унинг муҳофаза теграларида барча турдаги янгидан амалга ошириладиган қурилиш-таъмирлаш ишларини белгиланган тартибда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги билан келишилган ҳолда олиб борилиши юзасидан мурожаат йўллаган.
Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан 6 январь куни Бухоро тумани “Неригон” маҳалла фуқаролар йиғини раисини 1972 йилда имзоланган Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенсия ҳамда Умумжаҳон мероси қўмитасининг тегишли қарорларининг талабларига кўра, номзоднома объектлар рўйхатига киритилган ёдгорликлар ҳам UNESCO’нинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар сингари муҳофазага олиниши шартлиги белгилаб қўйилганини ҳамда “Чор Бакр” мажмуаси ва унинг муҳофаза ҳудудида ҳамда маданий мерос объектлари ва уларнинг теграларида тегишли рухсатномаларни олмасдан ер қазиш, ер тузиш, бино, иншоотларни қуриш ёки уларни бузиш ишларини амалга оширган тақдирда амалдаги қонун талабларига биноан жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Ушбу мажмуа UNESCO Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш мутахассислар иштирокида, илғор ва юқори технологик ускуналардан фойдаланган холда номзодлик ҳужжатлари тайёрланиб, белгиланган тартибда UNESCO Умумжаҳон мероси марказига тақдим этилган.
Ҳолат юзасидан Вазирлар Маҳкамаси Маданий мерос инспекцияси ҳамда Маданий мерос агентлиги томонидан XVI-XX асрларга мансуб бўлган ушбу тарихий ёдгорликнинг муҳофаза қилинадиган тегралар ҳудудидан ижарага ва мулк ҳуқуқи асосида 6 та ҳар бири 0,018 га дан иборат ер участкалари берилиши амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда электрон онлайн-ауцион орқали сотувга қўйилганини инобатга олиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ҳужжатлар ҳуқуқ-тартибот органи идораларига юборилган.
Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Паркент туманида ҳокимлик археологик ёдгорлик жойлашган ерни ғишт ишлаб чиқарувчи цехга сотиб юборгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси