Умрадан қайтган аёл оёғи остига бола ётқизилди (видео)

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Умра зиёратини адо этиб келган аёлни кутиб олишда унинг қадами остига шолчалар, кийимлар тўшалгани, ёш болани зиёратчининг оёғи остига қўйилиши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази муносабат билдирди.

“Ҳақиқатда умра ибодатига бориб келаётган айрим зиёратчилар ва уларнинг яқинлари билган ёки билмаган ҳолда риёкорликка йўл қўйиши кузатилмоқда. Баъзи ҳолларда умра сафаридан келганларни дабдабаю асъаса ила кутиб олиш, кўча бошидан пояндозлар солиш ҳолати кўпаймоқда. Бу кабилар динимизга мутлақо зид бўлиб, ундай ишларни қилаётганлар ўта жоҳил ва нодон кишилардир. Эҳтимол бу ишлари билан улар ўзларининг Аллоҳнинг байтига бўлган эҳтиромларини ёки уни тавоф қилиб келган кишига нисбатан ҳурматларини ифодаламоқчидир. Лекин ибодатга ҳурмат-эҳтиром бу тарзда намоён қилинмайди. Аксинча, бу риёкорлик ва оғир гуноҳ”, дейилади хабарда.

Фатво марказининг қайд этишича, динда ибодатни одамларнинг кўзидан яширишга, кўз-кўз қилмасликка буюрилади. 

“Риёкорлик – одамлар кўриши учун бир ишни қилиш. Чунки ундан Аллоҳнинг розилиги эмас, балки бандаларнинг кўриши назарда тутилган бўлади. Мусулмон киши ҳар бир ишни қилишда Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилиши лозим. Агарда киши бир амалга “одамлар мени кўриб қўйсин”, деган қасд билан киришса, шу амали бекорга кетиб, устига-устак гуноҳкор ҳам бўлади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Фатво маркази дабдабали маросимлар учун қилинадиган сарф-харажатларни тежаб, ён-атрофдаги муҳтож кишиларга беришга ҳамда таълим йўлида сарфлашга чақирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг