Улуғбек Қодиров ўзбек-беларусь фильмида суратга тушади. Фильм бюджети 2 миллион доллар
Маданият-санъат
−
12 Ноябрь 2022
15313Минскда бўлиб ўтган “Листапад” кинофестивалида киноактёр Улуғбек Қодиров билан “Казбек” ўзбек-беларусь фильмида иштирок этиш бўйича шартнома имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Кинематография агентлиги ахборот хизмати хабар берди.
Уч томонлама шартномани “Ўзбекфильм” киноконцерни директори Баҳодир Одилов, актёр Улуғбек Қодиров ҳамда “Беларусфильм” киностудияси бош директори Владимир Карачевский имзолади.
Картинани суратга олиш ишлари шу йилнинг декабрь ойида бошланиши режалаштирилган бўлиб, фильмга ўзбекистонлик Муҳамад Aли Искандаров режиссёрлик қилади.
Фильмда бош роль ишониб топширилган актёр Улуғбек Қодиров бу катта шараф ва масъулият эканини айтган.
“Фильмда ватанимиз қаҳрамони, жасур инсон Мамадали Топиволдиев ролини ўйнаётганимдан ниҳоятда фахрланаман. Бу мен учун катта шараф ва масъулиятдир. Ушбу роль менинг II жаҳон уруши ҳақида олинаётган фильмдаги илк иштироким, биринчи тажрибам. Бироз ҳаяжондаман. Ролга тайёргарликни аллақачон бошлаганман”.
Улуғбек Қодиров миллат қаҳрамони қиёфасини ишончли яратиш у учун мунтазам равишда спорт залида жиддий шуғулланаётганини қўшимча қилган.
Хабарда қайд этилишича, “Листапад” кинофестивалида иштирок этаётган Ўзбекистон Кинематография агентлиги Бош директори Фирдавс Aбдухолиқов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ва “Казбек” фильми ижодий жамоаси суратга олиш режалаштирилган жойларда бўлиб, фильм қаҳрамонлари учун костюмлар танлашда ҳам иштирок этган.
Агентлик Бош директори Фирдавс Aбдухолиқовга кўра қўшма лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллион долларни ташкил этмоқда. Бу маблағ “Ўзбекфильм” ва “Беларусфильм” кинокомпаниялари томонидан тенг улушларда тўланади.
Маълумот ўрнида, Мамадали Топиволдиев 1919 йилнинг 3 сентябрь куни Фарғона Вилоятининг Риштон туманида туғилган. II жаҳон уруши ва Беларусдаги партизанлар ҳаракати қатнашчиси. “Чекист” партизан бригадасида 5-отрядининг разведка бўлими командири бўлган. У жанг майдонларида кўп маротаба жасорат кўрсатган ва 1944 йил 15 августда Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони билан тақдирланган. Мамадали Топиволдиевнинг жанг майдонларидаги номи “Казбек” бўлиб, дарахтларга ханжар ёрдамида мана шу номни ёзиш орқали ўзидан из қолдирган ва фашистлар қалбига қўрқув солган. Гитлер жангчиларига Казбекнинг боши учун 50 минг рейхмарк миқдорида мукофот ваъда қилинган. Урушдан сўнг Мамадали Топиволдиев Риштондаги колхозга раислик қилган ва 1969 йилнинг 6 май куни вафот этган.
LiveБарчаси