Улардан 600 га яқини турар-жойга муҳтож – Омбудсман меҳрибонлик уйи битирувчилари ҳақида

Жамият 2205
image
-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19 февралида Наманган шаҳридаги 26-сонли меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, у ердаги шароитларни бевосита кўздан кечирган эди.

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан суҳбатлашиб, уларнинг бахтли бўлишлари учун доимий асос яратиш ҳақида ўйлаётганликларини таъкидлаганди. 

“Бу ерни тамомлагандан кейин уй билан таъминланиб, фаровон яшашингизни қонун билан ҳимояга оламиз. Тинчлик-осойишталикда сизларнинг бахтингизни кўриш насиб этсин”, деган эди Шавкат Мирзиёев.

Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини келажакда уй-жой билан таъминлаш ва зурур шароитларни яратиб бериш муҳим. Аммо баъзи масъул шахслар ушбу ҳолатга жиддий ёндашмагани сабабли бугун давлат қарамоғидаги болаларни уй-жой билан таъминлаш билан боғлиқ муаммолар кун мавзусига айланмоқда. 

Бугун, 1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг қонуний асосларини янада мустаҳкамлаш масаласини комплекс ўрганиш бўйича Ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.

Йиғилиш давомида  Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова 2020 йилда унинг бошчилигида олиб борилган мониторинг ташрифлари ва мана шу ташрифлар давомида “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчиларини турар жой билан таъминланиши борасида камчиликлар борлигини танқид остига олди.

“Олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 1 январь ҳолатига “Меҳрибонлик” уйлари тарбияланувчиларини 610 нафари турар-жой билан таъминланган, 578 нафар эса бугунги кунда ҳам турар жойга мухтож бўлиб турибди.

Бундан ташқари, 2020 йил давомида, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда “Меҳрибонлик” уйлари битирувчилари томонидан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига турар-жой берилмагани ёки берилган турар жойлар уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги борасида 20 га яқин мурожаат келиб тушган”, дейди Алия Юнусова. 

Шу билан биргаликда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини уй-жой билан таъминламаслик, уларни доимий яшаш жойида рўйхатдан ўта олмаслиги ва иш жойи билан таъминланишида ҳам муаммолар юзага келиши ҳақида айтиб ўтди. Уй-жой билан боғлиқ келиб тушган мурожаатларга асосан мурожаатчилар билан туман ёки шаҳар ҳокими иштирокида суҳбатлар ўтказилган.

“Ачинарлиси, суҳбат давомида турар жой билан таъминлаш учун маблағлар йўқлиги (етишмаслиги)ни важ қилиб келтиришмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг 2010 йил 11 октябрдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жой сотиб олиш учун мақсадли трансфертлар, шу жумладан, буджет маблағларини бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғида ушбу масала ўзининг ечимини топган”, дея қўшимча қилди Алия Юнусова.

Йиғилиш давомида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида ушбу соҳани комплекс ўрганишни ташкил этиш бўйича олиб бориладиган чора-тадбирлар муҳокама қилиниб, жорий йил 5 майга қадар уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш соҳасидаги умумлаштирилган таклифлар ишлаб чиқилиши келишиб олинди.

Рўзимурод Бердиев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 15
Рейтинг: 3.1
t
×