Украинанинг меъмори Ленинми? Путиннинг иддаосига тарих қандай жавоб қилади?

Таҳлил

image

Кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин ўз фуқароларига йўллаган мурожаатида Совет Социалистик Республикалар Иттифоқи (СССР) асосчиси Владимир Илич Ленин Украина давлатининг меъмори экани ва Украина ҳеч қачон ўзининг ҳақиқий давлатчилигига эга бўлмаганини иддао қилди.

“Шуни ҳам тушуниш керакки, Украина аслида ҳеч қачон ўзининг ҳақиқий давлатчилигининг барқарор анъаналарига эга бўлмаган. 1991 йилдан бошлаб у ҳам тарихдан, ҳам Украина реаллигидан ажралган хорижий моделларни механик нусхалаш йўлига ўтди. 

Большевиклар сиёсати натижасида Совет Украинаси пайдо бўлди, уни бугунги кунда ҳам ҳақли равишда “Владимир Ильич Ленин номидаги Украина” деб аташ мумкин, у унинг муаллифи ва меъморидир, бу архив ҳужжатлари, шу жумладан Лениннинг Донбассни Украинага тиқиштириш тўғрисидаги қаттиқ буйруқлари билан тасдиқланган”, деган Путин русларга мурожаатида.

Россия раҳбарининг бу сўзларини эшитган Украина тарихчилари ҳайратдан ёқа ушлашган бўлса, ажаб эмас. Ахир, Украинанинг минг йиллик тарихи мавжуд. 

Аслида Россия давлатчилик тарихи Украина ерларидан бошланган эмасми? Ҳақиқатан ҳам Ленин Украина давлатининг меъморими? Бугунги мақоламизда Украина давлатчилик тарихига назар ташлаймиз.

Шарқий славян халқларининг тарихи

Славян халқларининг келиб чиқиши тарихи бир бўлиб, улар Европадаги халқларнинг энг йирик гуруҳи ҳисобланади. Славян халқлари уч қисмга бўлинган. Шарқий славянлар (рус, украин, беларусь), Ғарбий славянлар (поляклар, чехлар, словаклар, лужичанлар), Жанубий славянлар (болгарлар, серблар, хорватлар, словенлар, македонлар, боснияликлар, черногорияликлар). Бу халқлар қадимдан Шарқий Европа ерларида истиқомат қилган.

980 йилда Владимир Святославич Шарқий славян қабилаларини ягона давлатга бирлаштирди. Шу тариқа, Киев Руси деб номланган янги бир давлат пайдо бўлди. Бу мамлакат таркибига ҳозирги Беларусь, Украина, Россия, қисман Польша ва Литва ҳудудлари кирган.

XIII асрнинг 30-йилларида ўзаро ички урушлар натижасида анчайин заифлашиб қолган Киев Русига мўғуллар бостириб кирди. 1240 йилнинг декабрь ойида Жўжихоннинг иккинчи ўғли Ботухон Киевни ишғол қилади ва бу ерларни Олтин Ўрда давлатига қўшиб юборди. Мўғуллар рус князликларига ички ишларда мустақиллик берди. Бироқ князлар Олтин Ўрда хазинасига ҳар йили бож ва керак бўлганда ҳарбий қўшин юбориши зарур эди.

Олтин Ўрданинг инқирози

XIII асрнинг 80-йилларида Москва ва Тверь князлиги кучга тўлиб, рус ерларини мўғуллар зулмидан озод қилиш учун ўзаро кураш бошлади. Бу курашда Москва князлиги ғолиб бўлди. Шу вақтда Ғарбда янги бир куч қад ростлади. Буюк Литва князлиги Ғарбдаги заифлашиб қолган рус князликларини аста-секин ўзига бўйсундирди. Улар дастлаб Беларусь ерларини эгаллаб олди. 1324 йилда Буюк Литва князи Гегемин бир вақтлар Киев Русининг пойтахти бўлган Киев шаҳрини эгаллади. 1362 йилда Ольгерд Гедиминович Олтин Ўрда қўшинини мағлубиятга учратиб, ҳозирги Жанубий Россия ва Украинанинг катта қисмини ўз тасарруфига олди.

1382 йилда Олтин Ўрда хони Тўхтамишхон Москвани эгаллаб, уни бож тўлашга мажбур этди. Шу тариқа шарқий, марказий ва шимолий рус князликлари мўғуллар, жанубий ва ғарбий рус князликлари эса Буюк Литванинг таъсир доирасига тушиб қолди. Шу вақтдан бошлаб Шарқий славян халқларининг бўлиниши юз берди.

1395 йилда Шимолий Кавказдаги Тарак дарёси бўйидаги жангда Соҳибқирон Амир Темур Олтин Ўрда хони Тўхтамишхонни мағлубиятга учратди. Амир Темурнинг бу ғалабаси рус князликларига катта фойда келтирди. Сабаби Соҳибқирон Тўхтамишхон устига қилган юриши Олтин Ўрдани анчайин заифлаштирди.

1480 йилда Олтин Ўрда хони Москвага юриш қилди. Бироқ бу ҳужум муваффақиятсиз кечди. Москва князи Иван III мўғулларнинг рус ерларидаги истибдодига чек қўйди. Шундан сўнг Олтин Ўрда заифлашиб, парчаланиб кетди.

XIV асрнинг охирларига келиб, кучга тўлган Буюк Москва князлиги Ғарб томон анчайин кенгайиб борди. Литва князлиги душманга қарши курашиш мақсадида Польша қироллиги билан бирлашди. Шунда Польша Литвадан Украина ерларини олиб қўйди. Литва князлигининг таркибида Литва, Новгород ва Витебск ерлари қолди. Бу ҳудудлар ҳозирги Беларусь ерлари ҳисобланади.

Бир халқнинг учга бўлиниши

Украина князлиги славян полякларининг таъсири остида ривожланди. Шу вақтдан бошлаб, Украина ҳудудида алоҳида миллат шаклланди. Айни чоғда эса Москва князлигида замонавий Россия давлати ва рус миллати вужудга келаётган эди. Оқибатда бир вақтлар ягона халқ бўлган Шарқий славян халқлари уч миллатга бўлиниб кетди.

1547 йилда Москва князлигининг тахтига Иван IV Грозний ўтирди. У ўз олдига Киев Руси князлигини қайта тиклашни мақсад қилди. Иван IV биринчи навбатда Қозонни эгаллаш учун уч марта юриш қилди. Ниҳоят, 1552 йилда Қозон забт этилди. 1554 йилда Астрахан рус қўшинлари томонидан эгалланди. 

Россия империяси даврида Украина

XVI асрнинг бошларида Польша қироллиги Москвага юриш қилиб, шаҳарни эгаллаб олди. Бироқ рус халқи полякларни ҳайдаб чиқарди. Шундан сўнг, Майкл Романов иқтидорга келиб, Романовлар сулоласига асос солди. Янги қирол Москва атрофидаги бирлашган рус князликларининг аҳолисини “великорус” деб аташни буюрди.

Император Пётр I амалга оширган ислоҳотлардан сўнг, Россия анчайин кучга тўлди. Бу вақтда Польша қироллиги аввалги қудратини йўқотганди. Польша шимолда Швеция, ғарбда Пруссия, жанубда Австрия ва шарқда Россия билан курашишга мажбур бўлди. 1783 йилда Россия империяси Қрим хоқонлигини ўз таркибига қўшиб олди. 1795 йилда эса Польша ерлари уч давлат Пруссия, Россия ва Австрия ўртасида бўлиб олинди. Кейин эса Украинанинг Шимолий ерлари Россия империясининг тасарруфига ўтди. Мамлакатнинг Ғарбий қисми Австрия-Венгрия томонидан назорага олинди.

Украинани босиб олган Россия империяси бу ерларда руслаштириш сиёсатини олиб борди. Хусусан, Пётр I ва Екатерина II украин тили ва давлатчилигини йўқ қилишга қаратилган изчил сиёсатни илгари сурди. Чунки, Россия империяси ўзини Киев Русининг ҳақиқий давомчиси деб ҳисобларди. 

1876 йилда император Александ II украин тилида китоб нашр этилишини тақиқлади. Бу эса ўз навбатида Украина аҳолисига ёқмади. Улар русларни ёмон кўра бошлади. Руслар ҳам украинларни давлат ишларига жалб қилмасликка ҳаракат қилди. Украинлар ўзларининг бу даражада камситилаётганларидан норози бўлишди ва Киев Русининг ҳақиқий авлоди украинлар эканлигини таъкидлашди. Бунга украин тилининг қадимги Киев Руси тилига ўхшашлиги исбот сифатида келтирилди. Бироқ, буни тан олишни истамаган Россия империяси украин зиёлиларини таъқиб қилди. Бунинг натижасида, кўплаб ақл-заковат эгалари Австрия-Венгрия тасарруфида бўлган мамлакатнинг Ғарбий қисмига қочиб ўтди. Шу сабабли бугунги кунда Украинанинг Ғарбий ерлари мамлакатнинг маданий маркази ҳисобланади.

Украина давлатининг ташкил топиши

1917 йил февраль инқилобидан сўнг, Россияда подшоҳ ҳукумати ағдарилди. Александр Керенский бошчилигида Муваққат ҳукумат тузилди. 1917 йил 19 март куни Киевда юз минг кишилик намойиш бўлиб ўтди. Митингга чиққанлар Украина давлатчилигини тиклаш ва ўз тақдирини ўзи белгилаш кераклигини талаб қилди. Шошиб қолган Муваққат ҳукумат Украинада миллий тилда сўзлашиш ва болаларга она тилида дарс беришга рухсат берди. Кўп ўтмай Украина олий органи ҳисобланган Марказий Рада ташкил топди. У Петербургдаги Муваққат ҳукумат билан автономия масаласида келишувлар бошлади.

Россиядаги талатўплар вақтида Украина мустақил бўлиш учун отни қамчилади. 1917 йилнинг ноябрь ойида Марказий Рада Украина Халқ Республикаси ташкил топганини эълон қилди. Бироқ, Большевиклар бунга қарши чиқди. Натижада икки ўртада уруш бошланди. 1918 йил 9 январь куни Украина ўз мустақиллигини эълон қилди. Бу вақтда қизил армия Украина чегарасини кесиб ўтаётган эди. Жангларда Украина миллий озодлик кучлари енгилди ва мамлакат қизил империя назоратига ўтди. 30 январь куни советларининг IV қурултойида, Донецк ва Кривой Рог Совет Республикаси таркибидаги автоном Республика деб эълон қилинди. Бироқ, бир ойдан кейин ушбу икки автоном Республика Украина Совет Республикасининг таркибига қўшиб юборилди.

1920 йилда Украина тўлиқ Совет Иттифоқининг таркибига киритилди. Бироқ, Украина халқи русларга нафрат кўзи билан қарар эди. 1930-1937 йилларда олиб борилган қатағон сиёсати натижасида, кўплаб украиналик ёзувчи ва зиёлилар жисмонан йўқ қилинди. Бу эса халқнинг қалбидаги нафрат оловига бензин сепгандай бўлди.

1941 йил 21 июнь куни Германия Совет Иттифоқига қарши уруш эълон қилди. Немис армияси Украина ҳудудига келганида, маҳаллий халқ кўчага чиқиб, немис аскарларини гул билан кутиб олди. Бундан билиш мумкинки, украинлар русларни тарихдан ёмон кўрган. Бироқ, Иккинчи жаҳон урушида Германия мағлубиятга учради. Украина ерлари Совет армияси томонидан эгалланди. 1954 йилда Украина тўлиқ СССР таркибига киритилди.

Украинанинг мустақиллиги

80-йилларнинг охири, 90-йилларнинг бошига келганда, Совет Иттифоқининг  парчаланиб кетиши аниқ бўлди. СССР раҳбари Михаил Гарбачёв олиб борган “қайта қуриш” сиёсатининг илк йилларидаёқ мамлакат ичида миллатлараро муносабатлар кескинлашди. Шундай бир чигал вазиятда, аниқроғи, 1991 йил 24 август куни аҳоли сони ва саноат жиҳатидан Совет Иттифоқида иккинчи ўринда турган Украина ўз мустақиллигини эълон қилди. Фақат унинг мустақиллиги СССР парчаланганидан сўнг тан олинди. Тез орада Россия ва Украина ўртасида дўстона муносабатлар ўрнатилди. Бироқ, кўп вақт ўтмасдан икки давлат айрим масалалар бўйича келиша олмади. Булар: 

Биринчи – ҳудудий чегарани белгилаш масаласи. Украина ва Россия ўртасида ҳарбий стратегик жиҳатдан ўта муҳим ҳисобланган Қрим яримороли ва Севастополга ким эгалик қилиши масаласида зиддият юзага келди. Россия бу ерларни ўзига қўшиб олмоқчи бўлди. Сабаби, СССР даврида Севастополь тўғридан-тўғри Кремлга бўйсунарди. Бироқ, Украина бунга қаршилик қилди.

Иккинчи – Россия ва Украина СССРнинг Қора денгиздаги флотига ким эгалик қилиш масаласида келиша олмади.

Учинчи – Украина географик жиҳатдан икки цивилизация кесишган нуқта (Украинанинг Ғарби католик цивилизацияси, Шарқи эса православ цивилизацияси ости)да жойлашганди. Мана шу омил юзасидан Шарқий минтақа аҳолиси рус тилига давлат тили мақомини беришни сўради. Ҳатто, Россияга қўшилишни сўраганлар ҳам бўлди.

Бу келишмовчиликлар ўз-ўзидан икки давлат ўртасидаги муаммоларни вужудга келтирди. Албатта бу бошқа мавзу.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

682

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг