Украинани узоқ ва қоронғи қиш кутмоқда – Волкер Турк

Олам

image

Украина халқининг изтироблари “янги норма”га айланмаслиги керак. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Волкер Турк Украинага ташрифининг сўнгги кунида айтиб ўтди. 

Унинг сўзларига кўра, Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатида юзага келган сон-саноқсиз ваҳшийликларга барҳам беришнинг энг самарали йўли – БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ маъносиз урушни тўхтатиш бўлиб қолади. 

“Украинани узоқ ва қоронғи қиш кутмоқда деб қўрқаман. Тахминан 17,7 миллион украиналик гуманитар ёрдамга, 9,3 миллион киши озиқ-овқатга муҳтож. Аҳолининг учдан бир қисми уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Тахминан 7,89 миллион киши, уларнинг аксарияти аёллар ва болалар мамлакатни тарк этди, 6,5 миллион украиналик ички кўчирилди”, дея давом этди Волкер Турк. 

У 5 декабрь куни бир неча соат вақтини бомба бошпанасида ўтказишга мажбур бўлганини қўшимча қилди. Ўшанда Украинага камида 70 та ракета учирилиб, муҳим фуқаролик инфратузилмасини нишонга олинган. 

“Бизга бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари қўшилди ва суҳбат бошланди – гўё ҳаво ҳужуми сиреналари сизнинг иш кунингизни тўхтатиб қўйиши одатий ҳолдек. Аммо бу нормал эмас ва ҳеч қандай ҳолатда нормал бўлиши мумкин эмас”, дейди Олий комиссар.  

Унинг қайд этишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги идорасига ҳар куни мумкин бўлган уруш жиноятлари ҳақида маълумот келади. 

“Тинч аҳоли қурбонлари кўлами ва фуқаролик объектларига, жумладан, шифохоналар ва мактабларга етказилган зарар даҳшатли, буни Изюмда ўз кўзим билан кўрганман”, дея давом этди Олий комиссар. 

Суддан ташқари қатл қилиш, қийноқлар, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, зўравонлик билан йўқолиб кетиш ва жинсий зўравонлик ҳақида хабарлар келиб тушмоқда ва БМТ бундай ҳодисаларни тергов қилишдаги тараққиётни диққат билан кузатиб боради. 

Волкер Турк ҳарбий асирларга инсоний муносабатда бўлиш зарурлигини эслатди. 

“Бу халқаро гуманитар ҳуқуқнинг аниқ талабидир. Ҳарбий жиноятларда гумон қилинган ҳарбий асирлар халқаро стандартларга мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиши керак. Халқаро ҳуқуқ уларни фақат жанговар ҳаракатларда қатнашгани учун жавобгарликка тортишни тақиқлайди”, дея давом этди ташкилот вакили. 

Олий комиссарнинг айтишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси 7 декабрь куни Украинада тинч аҳолининг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳолатлар батафсил баён этилган ҳисоботни эълон қилган. Гап апрель ойи бошига қадар мамлакатнинг Россия назорати остида бўлган учта шимолий вилояти – Киев, Чернигов ва Сумидаги 441 нафар тинч аҳолининг тақдири ҳақида бормоқда. 

“Ҳисоботда тилга олинган жами қатлларнинг уруш жинояти ва қасддан ўлдиришлар эканлигига ишониш учун кучли асослар бор”, дейди у. 

Олий комиссар уруш жиноятлари қурбонлари ва жабрдийлари ҳақиқат, адолат ва товон олиш ҳуқуқига эга эканлигига ишонч ҳосил қилади. 

“Айбдорлар имкон қадар тезроқ жавобгарликка тортилиши керак. Одил судловни амалга ошириш учун вақтинчалик имконият йўқлиги туфайли юзага келган бўшлиқни тўлдириш учун энди жабрланувчилар товон пули тўлаш бўйича дастурларни амалга ошириш зарур”, дейди у.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

74

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг