Украинани эгаллаётган Путин Суриянинг яхлитлиги ҳақида ваъз ўқиди

Олам 11881
image
-

Россия Президенти Владимир Путин Сурияда ИШИД террор ташкилоти ва бошқа экстремистик гуруҳларни бутунлай йўқ қилишга чақирди ва Яқин Шарқ мамлакатининг яхлитлигини сақлаш ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда у кеча, 19 июль куни Теҳронда Остона форматида иштирок этувчи давлат раҳбарларининг уч томонлама саммити очилишида сўзлаган нутқида айтиб ўтган. Путин Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш учун кўплаб долзарб масалалар тўпланганини таъкидлаган.

“Россия, Эрон ва Туркиянинг Суриядаги инқирозни кенг қамровли ҳал этиш бўйича биргаликдаги фаолияти жуда самарали бўлмоқда. Мамлакатларимизнинг ёрдами ва қўллаб-қувватлаши туфайли Сурияда зўравонлик даражаси сезиларли даражада камайди, тинч ҳаёт жонланмоқда, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа босқичма-босқич тикланмоқда”, дейди давлат раҳбари.

Россия раҳбари Сурия инқирозини БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2254-резолюцияси асосида ҳал этиш бўйича сиёсий ва дипломатик жараён муҳимлигини таъкидлаган.

“Остона учлиги Суриядаги вазиятни тўлиқ нормаллаштириш, мамлакатда мустаҳкам тинчлик ва фуқаролар тотувлигини ўрнатишга қаратилган ишларда асосий роль ўйнашда давом этиши керак”, дейди Путин.

Шу билан бирга, Россия раҳбарининг айтишича, Москва Сурия суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини сўзсиз ҳурмат қилишнинг фундаментал тамойилларига қатъий содиқликдан келиб чиқади.

“Биз саммит якунида тасдиқлаш учун тайёрланган, уч томонлама шаклда ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи Қўшма баёнот лойиҳасини қўллаб-қувватлаймиз”, деган Путин.

Путин Туркия, Россия ва Эрон Сурия тупроғида қолган халқаро терроризм марказларини ниҳоят йўқ қилиш манфаати йўлида ҳамкорликни чинакам мустаҳкамлашда давом этишига ишонч билдирган. 

“Биз Сурияда ИШИД ва бошқа экстремистик гуруҳлар мавжудлигига абадий чек қўйишимиз керак.

Россия раҳбарининг сўзларига кўра, Сурия расмийлари назорати остида бўлмаган ҳудудлардаги вазият алоҳида ташвиш уйғотмоқда.

“Биз жиноятчилик, экстремизм, сепаратизмнинг ҳақиқий таҳдидлари айнан шу ҳудудлардан келаётганини кўриб турибмиз. Бунга асосан Қўшма Штатлар бошчилигидаги Ғарб давлатларининг кенг арсеналдан фойдаланадиган бузғунчи чизиғи ёрдам бермоқда”, дейди Путин.

Путин бу ҳудудлардаги вазиятни барқарорлаштириш ва уларни Суриянинг қонуний ҳукумати назоратига қайтаришга қаратилган уч томонлама формат доирасида қўшимча чоралар кўриш муҳимлигини таъкидлаган.

Путиннинг айтишича, Остона форматидаги навбатдаги уч томонлама саммит Россияда бўлиб ўтади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 285
Рейтинг: 3
t
×