Украиналикларга палов тарқатиб юрган ўзбекистонлик ҳалок бўлди 

Олам 23720
image

Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошлангач, мамлакатнинг Чугуев шаҳрида маҳаллий аҳолига палов тарқатиб юрган 36 ёшли ўзбекистонлик Сардор Ҳакимов ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.

“Уни бутун Чугуев танийди. Ҳамма Сардор Ҳакимовнинг тирик эканлигига охиригача умид қилди. У доим жилмайиб турарди, у жуда ижобий эди”, дейди Харьков вилояти ҳокимлиги раҳбари Олег Синегубов.

Маҳаллий имом Тимур Беридзенинг айтишича, Сардор Ҳакимов отишма пайтида ертўлада бўлиб, у ерда палов тайёрлашга тайёргарлик кўраётган бўлган.

Украина ОАВга кўра, Ҳакимов 2000 йилдан бери Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрида истиқомат қилган. Урушдан кейин, 2014 йилда у Чугуевга кўчиб ўтган. У ерда ўзбек ошхонаси ва зираворлар дўконини очган. Россиянинг Украинага босқинидан кейин Ҳакимов оиласини Ўзбекистонга юбориб, Чугуевда қолиб, одамларга ёрдам бериб келган. 

Сардор Ҳакимов жорий йилнинг 25 июль куни вайроналар остидан қутқарилган Мансур Ҳакимовнинг укаси.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1729
Рейтинг: 2.9
t
×