Украиналик журналист Россияда асирликда вафот этди
Олам
−
12 Октябрь
7143Украинанинг “Hromadske” нашри журналисти, “Украинская правда” газетасининг мустақил ёзувчиси 27 ёшли журналист Виктория Рошина Россияда ҳибсхонада вафот этди. Олий Раданинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Дмитрий Лубинец унинг ўлими ҳақидаги тасдиқни Россиянинг Ҳарбий асирлар билан муомала қилиш бўйича мувофиқлаштирувчи штаб спикери Пётр Яценкодан олганини маълум қилди.
“Россия томонидан ноқонуний равишда озодликдан маҳрум этилган украиналик журналист Виктория Рошинанинг ўлими ҳақида Россия томонининг расмий ҳужжатли тасдиқлови бор. Викториянинг оила аъзолари ва дўстларига ҳамдардлик билдираман”, деб ёзган Лубинец ўзининг Теlegram-каналида.
Омбудсман маълумотларига кўра, журналист 2023 йил августида Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларида ғойиб бўлган. Украина оммавий ахборот воситалари аввалроқ у босиб олинган ҳудудларда репортаж тайёрлаётгани ҳақида ёзган эди. Ўша йилнинг сентябрь ойида унинг қариндошлари қидирув эълон қилган ва Омбудсман идорасига ҳам хабар берилган.
2024 йил май ойида Россия расмийлари журналист ҳибсга олингани ва Россия ҳудудида бўлганини биринчи марта тан олди. Россия Мудофаа вазирлиги унинг отаси Владимир Рошинга тасдиқ хати юборди. Ўшанда Рошинанинг ҳибсга олинганини Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ҳам тасдиқлаганди.
“Яна бир бор, Россия зиндонларида бўлганлиги Халқаро Қизил Хоч қўмитаси томонидан тасдиқланган одам рус асирлигида вафот этди! Бироқ нима учун ёш аёл Россияда асирликда вафот этгани номаълум. Мен БМТ ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасини Россия томонидан ноқонуний ҳибсга олинган фуқаронинг ўлимини қайд этиш учун хабардор қилдим”, дея қўшимча қилган Омбудсман.
Аввалроқ Украинанинг “Грати” нашри ҳам Россия Мудофаа вазирлиги журналистнинг отаси – Рошиннинг 2024 йил 28 августдаги мурожаатига жавобан вафот этганини маълум қилгани ҳақида ёзган эди.
“Бугун Россия Мудофаа вазирлиги 2024 йил 2 октябрдаги электрон почта хабарини юборди. Қисқа хабарда журналистнинг вафот этган санаси – 2024 йил 19 сентябрь, шунингдек, унинг жасади ушланган шахсларнинг жасадларини алмашиш доирасида Украина томонига қайтарилиши кўрсатилган. Ўлим ҳолатлари ва сабаблари ҳақида маълумот берилмаган”, дея ёзган эди “Грати”.
ОАВнинг ёзишича, Рошина Таганрогдан Москвага ўтиш пайтида вафот этган. У 6 октябрь куни 28 ёшга тўлган бўларди.
Маълумот учун, Рошина Украинанинг шарқи ва жанубидаги ҳарбий амалиётлар ҳақида материаллар тайёрлаган ва Запорожье вилоятининг Бердянск шаҳридаги воқеаларни ёритган, у ерда 2022 йил март ойида уни фуқаролик кийимидаги одамлар (Россия ФҚБ ходимлари) ҳибсга олган. 10 кундан кейин у озод қилинди. Шундан сўнг россияпараст Теlegram каналларида Рошина Россия уни ўғирламагани, аксинча, унинг ҳаётини сақлаб қолгани, бунинг учун кадрдаги аёл Москвага миннатдорлик билдираётганини айтган видео тарқала бошлади. Айрим экспертларнинг фикрича, ёзув босим остида қилинган. Расмий равишда Россия расмийлари Рошина билан содир бўлаётган воқеаларга изоҳ бермади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда жосусликда айбланиб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган “The Wall Street Journal” журналисти Эван Гершкович жорий йилнинг 1 август куни маҳбуслар алмашинуви доирасида АҚШга қайтарилгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь