Украиналик депутат давлатга хиёнатда айбланиб, ҳибсга олинди
Олам
−
16 Ноябрь 2023
4836Киевдаги Печерск суди Олий Рада депутати ва давлатга хиёнатда гумон қилинган украиналик собиқ журналист Александр Дубинскийни икки ойга ҳибсга олди. Бу ҳақда Украина хавфсизлик хизматининг Telegram'даги расмий каналида маълум қилинди.
Украина Хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, камида 2019 йилдан бери Дубинский “Буратино” чақирув белгиси остида Россия Федерацияси Бош штаби Бош бошқармасининг разведка тармоғида (ГРУ) Россия фойдасига ахборот ва қўпорувчилик фаолиятини амалга ошириш билан шуғулланган.
Айтилишича, ушбу разведка тармоғининг вазифалари Украинадаги ижтимоий-сиёсий вазиятни бузиш ва халқаро майдонда мамлакатни обрўсизлантиришни ўз ичига олади.
Тахминларга кўра, тармоқ ГРУ раҳбарининг ўринбосари Владимир Алексеев томонидан яратилган, унинг оператив бошқарувини унинг ўринбосари Алексей Савин амалга оширган. Киевда уни собиқ Совет ГРУ зобити Игорь Колесников мувофиқлаштирган.
Дубинскийдан ташқари тармоқда собиқ депутат Андрей Деркач ва собиқ ҳарбий прокурор Константин Кулик ҳам бор эди. Тармоқни молиялаштириш учун 10 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилган.
“Бабель” нашрининг қайд этишича, 2019-2021 йилларда Дубинский ўзининг Telegram-каналида Украинадаги оғир иқтисодий вазият ва мамлакатдаги коррупция ҳақида кўпинча далилсиз ёзган.
2019 йилда АҚШ президентлик сайловлари арафасида Дубинский ва Деркач Киевда матбуот анжумани ўтказган. Улар Жо Байден ва унинг ўғли Хантерни “Burisma” газ ишлаб чиқариш компанияси орқали пул ювишда, Украина расмийларини эса Америка ёрдамини ўғирлашда айблаган.
“The New York Times” газетасининг ёзишича, шу йўл билан Дубинский Дональд Трампнинг адвокати Рудольф Жулианига Байденлар оиласини Украинадаги коррупция билан боғлашда ёрдам беришга уринган. 2021 йилнинг январь ойида Қўшма Штатлар Дубинскийга қарши сайловларга аралашгани учун санкциялар киритди.
Украина томонидан Дубинскийнинг YouTube'да 350 минг обуначига эга канали блокланган. Бир ой ўтгач, Дубинский Олий Рададаги президентлик фракцияси ва "Халқ хизматкори" (“Слуга народа”) партиясидан чиқариб юборилган.
2023 йил август ойида депутат ҳужжатларни сохталаштириш ва чет элга ноқонуний саёҳат қилишда, ноябрь ойи бошида кўнгиллилар ниқоби остида учинчи шахсларни хорижга ноқонуний ташишни ташкил қилганликда гумон қилинган эди. У етти йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутувчи моддага кўра уй қамоғига олинган.
Жорий йилнинг 13 ноябрь куни Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари Дубинскийга хиёнат иши бўйича янги қидирувлар ўтказди. Уни 2024 йил 12 январга қадар гаров тўлаш ҳуқуқисиз ҳибсда сақлашга қарор қилинди.
Давлатга хиёнат қилиш моддасига кўра, у мол-мулки мусодара қилиниб, 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Дубинскийнинг ўзи Владимир Зеленский ва Украина Президенти девонхонаси раҳбари Андрей Ермакни танқид қилгани учун таъқиб қилинаётганини айтган.
LiveБарчаси