Украинага икки ўйин учун техник мағлубият ёзилиши мумкин
Спорт
−
26 Март 2019
7638Португалиянинг Mais Futebol нашри тақатган хабарга кўра, Украина терма жамоаси ЕВРО 2020 саралаши доирасида қўлга киритган 4 очкосининг барчасидан маҳрум этилиши мумкин.
Маълумотларга кўра, Украина футбол федерацияси бразилиялик футболчи Жуниор Мораесни маҳаллийлаштиришда қоидаларни бузган. Бу футболчи 18 март куни Украина паспортини олган эди. ФИФА регламентига кўра, бошқа мамлакатда туғилган футболчи миллий терма жамоага жалб этилиши учун ушбу мамлакатда 5 йил давомий истиқомат қилган бўлиши керак.
Айтилишича, Мораес паспортни олгунга қадар, Украина ҳудудида яшаётганига 4 йил 8 ой бўлган. Бу муддат футболчининг терма жамоада ўйнаши учун етарли ҳисобланмайди.
Агар ФИФА ушбу ҳолат бўйича Украинани айбдор деб топадиган бўлса, Украина терма жамоасига Португалия ва Люксембург терма жамоаларига қарши ўйинлари учун техник мағлубият ёзилади. Таъкидлаш зарур, украинлар ушбу ўйинларда бир ғалаба ва бир дуррангга эришиб, жами 4 очкони қўлга киритган эди.