Украинадаги урушга ечим топмоқчи бўлган Африка етакчилари Путин ва Зеленский билан учрашади 

Олам

image

Африка давлатларининг етти нафар Президенти келаси ҳафтада Киев ва Санкт-Петербургга бориб, Украина инқирозини ҳал қилиш йўлларини излаш миссияси доирасида Украина ва Россия раҳбарлари билан учрашади. Бу ҳақда ушбу сафарга ёрдам бераётган Браззавиль фонди нотижорат ташкилоти хабар берди. 

Айтилишича, африкалик етакчилар 16 июнь куни Киевда Украина раҳбари Владимир Зеленский, 17 июнда эса Санкт-Петербургда Россия Президенти Владимир Путин билан учрашади. 

Африка мамлакатлари делегацияси таркибида Жанубий Африка Республикаси Президенти Кирил Рамафоса, Комор ороллари Президенти ва Африка иттифоқи раиси Азали Ассуманий, Конго Республикаси Президенти Дени Сассу Нгессо, Уганда Президенти Йовери Кагуту Мусевени, Сенегал Президенти Маки Салл, Замбия Президенти Хакаинде Хичилема ва Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси бор.

Маълумот учун, Африка делегациясининг Украина ва Россияга сафарига ёрдам бераётган Браззавиль фондига 2014 йилда унинг амалдаги Президенти бўлган француз тадбиркори Жан-Ив Оливье томонидан асос солинган. Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган мазкур ташкилот низоларнинг олдини олиш ва ҳал қилиш соҳасида ташаббусларни ишлаб чиқади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 май куни Россия ва Украина расмийлари можарога тинч йўл билан ечим топиш мақсадида Африка давлатлари делегациясини қабул қилишга келишиб олганини маълум қилганди. Рамапоса олтита Африка давлати: Миср, Замбия, Конго Республикаси, Сенегал, Уганда ва Жанубий Африкадан иборат гуруҳ тузилишини айтган. Кейинчалик бу рўйхатга Африка Иттифоқининг амалдаги раиси Комор ороллари қўшилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Африка Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг