Украинадаги урушда қатнашган самарқандлик йигитга ҳукм ўқилди

3-саҳифа

image

Россия томонидан Украинадаги урушда қатнашган самарқандлик 25 ёшли йигитнинг озодлиги 5 йилга чекланди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.

Ҳужжатда келтирилишича, Ғ.Ф. 2021 йил июнь ойида ишлаш мақсадида Москва шаҳрига борган. У Россияда ишлаши давомида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жинояти учун 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, жазони Челябинск вилоятидаги қаттиқ тартибли колонияда ўтаган.

Ғ.Ф. жазони ўташи давомида озод бўлиш ва Россия Федерацияси фуқаролигини олиш ҳамда бошқа моддий манфаатларини кўзлаб, 2025 йил 22 июль куни шартнома тузиб, Россия Федерацияси қуролли кучлари сафига ҳарбий хизматга ёлланган. У Луганск шаҳридаги ҳарбий полигонда 28-30 кун давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, Луганск вилоятида Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. Бироқ Ғ.Ф. оёғидан жароҳатланиб, ҳарбий госпиталдан Ўзбекистонга қочиб келган.

Жорий йилнинг 25 март куни Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. Судда Ғ.Ф. кўрсатма берган. Судланувчининг айтишича, у ҳақиқатдан ҳам 2021 йил июнь ойида ишлаш мақсадида Москвага борган ва ишлаши давомида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жинояти учун 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. Шундан сўнг у Россия армиясига ёлланиб, Луганскдаги жангларда қатнашган ва оёғидан жароҳат олиб, Ўзбекистонга қочиб келган. Шунингдек, Ғ.Ф. судда қилмишидан пушаймонлигини айтган ва шахсини инобатга олиб, қонуний енгиллик беришни сўраган. 

Суд ҳукми билан Ғ.Ф. Жиноят кодексининг 154-моддаси (ёлланиш) 1-қисми билан айбли деб топилган ва 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Жазони яшаш хонадонида ўташи белгиланган ҳамда иш жойига бориши ва уйига қайтиб келиш учун зарур бўлган вақтдан ташқари, қолган вақтда ташқарига чиқиш тақиқланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия армиясига ёлланиб, Украина билан урушда қатнашган ўзбекистонлик эркакнинг озодлиги 3 йил 6 ойга чекланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина ёлланиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг