Украинадаги урушда 400 бола қурбон бўлди – БМТ
Олам
−
18 Ноябрь 2022
2694Жорий йилнинг февраль ойидан буён давом этиб келаётган Россия босқини оқибатида Украинада 400 дан ортиқ бола ҳалок бўлди, кўплари жароҳатланди, оила аъзоларидан айрилди ёки уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Бу ҳақда БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзлаган нутқида бош котибнинг сиёсий ва тинчлик ўрнатиш масалалари бўйича ўринбосари Розмари ДиКарло сўз очди.
“Бугун мен энг кичик украиналикларнинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва ҳимоясини таъминлаш муаммосига эътибор қаратмоқчиман. 400 дан ортиқ болалар ҳалок бўлди, кўплари жароҳатланди, оила аъзоларидан айрилди ёки уйларини тарк этишга мажбур бўлди. “Уруш болалари” ҳукумат порталининг маълум қилишича, 12 ноябрь ҳолатига кўра 279 нафар бола бедарак йўқолган. Шунингдек, болаларнинг Украина ёки Россия Федерациясида Россия томонидан босиб олинган ҳудудга мажбуран кўчирилиши ҳақида хавотирли хабарлар бор”, дейди у.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (ИҲБОКБ) халқаро инсонпарварлик қонунчилигини бузган ҳолда Россия Федерациясига депортация қилинган болаларнинг бир неча ҳолатларини ҳам ҳужжатлаштирган.
Бошқарма инсон ҳуқуқлари бузилишининг бошқа турларини, жумладан, можаро билан боғлиқ жинсий зўравонликнинг 57 та тасдиқланган ҳолатларини ҳужжатлаштиришда давом этмоқда. Ушбу ҳодисаларнинг 48 таси Россия ҳарбийлари ва унга алоқадор қуролли гуруҳларга тегишли, тўққизтаси Украина Қуролли кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан боғлиқ.
LiveБарчаси