Украинада яна “тревога”: Россия мамлакат бўйлаб ракета ҳужуми уюштирди

Олам

image

Бугун, 22 октябрь куни эрталаб бутун Украина бўйлаб ҳаво ҳужумидан огоҳлантириши сигналлари ишга тушди. Бир қанча ҳудудларда портлашлар эшитилди.

Николаев ва Одесса вилоятлари

Николаев вилояти ҳарбий маъмурияти (ВҲМ) раиси Виталий Кимнинг сўзларига кўра, жанубдан душман ракеталари учирилган.

“Бизнинг ёнимиздан. Эҳтимол, [мамлакатнинг] ғарбий ва марказий қисмларига”, деб ёзади у.

Маҳаллий матбуот Одесса вилоятидаги портлаш овозлари ҳақида хабар берган. Соат 10:30 дан кейин ВҲМ бошлиғи Максим Марченконинг маълум қилишича, душман минтақадаги энергетика инфратузилмаси объектига иккита ракета ҳужуми уюштирган.

“Бунинг оқибатида Одесса вилоятининг бир қанча аҳоли пунктларида электр энергияси йўқ. Ҳозир коммунал хизматлар ва фавқулодда вазиятлар давлат хизмати зарбалар оқибатларини бартараф этиш билан шуғулланмоқда”, дея қўшимча қилди у.

“Суспильне Одеса”нинг Одесса тумани давлат маъмуриятига таяниб ёзишича, ракета зарбалари натижасида уч киши яраланган.

Волинь

“Суспильне Луцьк” шаҳарда бир қатор портлашлар содир бўлганини, ҳужумдан кейин Луцкнинг баъзи ҳудудларида электр энергияси узилганини хабар қилди. Шунингдек, Волиннинг Ковел шаҳрида портлаш овозлари эшитилгани хабар қилинган.  Шаҳарда, шунингдек, Луцкда электр ва сув таъминоти тўхтатилган.

Луцк мэри Игорь Полишчук тахминан соат 9:40 да энергия иншоотига ҳаводан ҳужум уюштирилганини тасдиқлади.

“Шаҳарнинг бир қисмида электр энергияси йўқ. Сув тўпланг. Воқеа жойида қутқарувчилар ишламоқда. Тафсилотлар кейинроқ очиқланажи”, деган у.

Луцкдаги барча қозонхоналар электр ўчирилиши сабабли вақтинча ишламай қолган. Ҳужум натижасида бир киши куйган.

Ривне

“Суспильне Ривне” нашри минтақада портлашлар содир бўлгани, электр ва сув таъминотидаги узилишлар ҳақида хабар берган. 9:40 да Ривне вилоят ҳарбий маъмурияти раиси Виталий Ковал зарбалар борлигини маълум қилган.

“Таъкидлайман, видео ва фотосуратларни интернетга жойлаштирманг. Расмий маълумотни кутинг. Ва бошпаналарда қолинг!”, деб ёзган у.

Ковалнинг сўзларига кўра, электр қуввати йўқлиги сабабли шаҳарда радиостансиялар ишламаяпти.

Киев вилояти

Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Алексей Кулебанинг маълум қилишича, ҳудудда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишламоқда.

“Бошпанада қолинг. Ҳаво мудофааси, душман объектлари ва уларнинг қулаши ҳақида фото ва видео олиш тақиқланганини унутманг. Хавфсиз ва хотиржам бўлинг!”, деган у.

Соат 10:20 атрофида Киев мэри Виталий Кличко пойтахтга учаётган бир нечта ракеталар ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилганини маълум қилди.

Хмелницкий вилояти

Хмелницкий ВҲМ раҳбари Сергей Гамалий вилоятда портлаш овозлари эшитилганини маълум қилди. Хмелницкий шаҳар кенгашининг хабар беришича, шаҳар электр таъминотисиз қолган.

“Биз сиздан имкон қадар кўпроқ сув ғамлашингизни сўраймиз, чунки бир соатдан кейин у ҳам йўқолади”, дейилади хабарда.

Эрталаб соат 10:00 дан кейин ВҲМ раҳбари Хмелницкий вилоятина ракеталар тушганини хабар қилди.

Суми вилояти

Суми вилоятида ҳам шовқин. Суми ВҲМ раиси Дмитрий Живицкийнинг айтишича, қутқарувчилар ишламоқда – топилган ўқ-дориларни режали йўқ қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Черновиц вилояти

Черновиц ВҲМ раҳбари Руслан Запаранюкнинг маълум қилишича, Днестр вилояти устидан ҳаво ҳужуми пайтида Украина Қуролли Кучлари самолёти ракетани уриб туширган ва у кўлга қулаган.

“Фуқароларнинг объектлари ва уйларига ҳеч қандай зарар етмаган. Ҳаво ҳужуми давом этмоқда, бошпанада қолинг!”, дея қўшимча қилди у.

Львов вилояти

Ижтимоий тармоқларда Львов вилоятидаги портлашлар ҳақида хабар тарқалжи. Вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Максим Козицкий минтақада ҳаво мудофааси ишлаётганини тасдиқлади.

Черкас вилояти

Черкас ВҲМ раҳбари Игорь Табурецнинг айтишича, Уманский ва Звенигородский туманларининг бир қисми электрсиз қолган. Бу узилиш қўшни Кировоград вилоятидаги электр иншоотларига душман ҳужумлари натижасида юзага келган.

Кировоград вилояти

Тахминан соат 10:40 да босқинчилар Кировоград вилоятидаги – Кропивницкий ва Голованевский туманларидаги энергетика объектларига ракета ҳужумларини уюштиргани маълум бўлди.

ВҲМ раҳбари Андрей Райкович вилоятдаги тадбиркорлар ва аҳолини электр энергияси истеъмолини сезиларли даражада камайтиришга чақирди.

“Эътиборингизни электр энергияси таъминотида узилишлар бўлиши мумкинлигига қаратмоқчиман. Барча кераксиз жиҳозларни розеткадан ўчиринг!”, дея қўшимча қилган у.

Ҳужумга реакция

Украинанинг оммавий ўққа тутилишига Президент девони ўз муносабатини билдирди.

“Фуқаролик инфратузилмаси ва одамлар билан урушаётган террорчиларнинг навбатдаги ракета ҳужумлари. Ҳеч қиси йўқ, дош берамиз. Русларнинг фронт ортидаги муаммолар ва Украина ҳудудларини озод қилишни тўхтатиш ҳақидаги орзуси гўдакликдир. Биз ҳар куни янада ғазабланяпмиз. Бу эса биз янада кучлироқ жавоб берамиз, деган маънони англатади”, деб ёзади Президент девони раҳбари Андрей Ермак.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

343

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг