Украинада Россияга қарши санкциялар бўйича саммит ўтказилади
Олам
−
25 Январь 2023
4794Украинада Россияга қарши санкциялар масаласи бўйича саммит ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак “Forbes Ukraine” журналига берган интервьюсида маълум қилди.
“Биз Украинада санкциялар бўйича саммит ўтказишни режалаштирмоқдамиз. Унинг мақсади ҳозиргача қилинган ишларни кўриб чиқиш ва кучли санкциялар режасини ишлаб чиқишдан иборат бўлади“, деди Ермак интервьюда.
Унинг сўзларига кўра, Россияга қарши ҳозиргача киритилган чекловлар етарли эмас. Шунинг учун Россия Федерациясига қарши кейинги қадамлар виза зонасига тегишли бўлиши керак. Хусусан, у россиялик ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларининг бошқа мамлакатларга киришини тақиқлашга умид қилмоқда. Шунингдек, расмий Киев Россия банкларига нисбатан санкцияларни кучайтиришга ҳамда IT соҳаси ва энергетика комплексига чекловлар киритишга эътибор қаратишни режа қилмоқда.
Шунингдек, Ермак АҚШнинг Москвадаги собиқ элчиси Майкл Макфол билан алоқада эканлигини, у билан бирга Россияга қарши санкциялар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун тузилган эксперт гуруҳига раҳбарлик қилаётганини маълум қилган.
Маълумот учун, мазкур экспертлар гуруҳи Украина Президенти Владимир Зеленский ташаббуси билан ташкил қилинган бўлиб, бугунги кунда унинг таркибига 50 дан ортиқ экспертлар киради. Гуруҳ вақти-вақти билан Россия арбоблари ва компаниялари рўйхатини эълон қилади. Рўйхатга киритилганларга эса Ғарб мамлакатлари томонидан чеклов чоралари жорий этилади.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь