Украинада қамоқхона каттагина пулга сотилди

Олам

image

Украина Адлия вазири Денис Малюська мамлакатдаги 148-сонли Львов ахлоқ тузатиш колонияси сотилганини эълон қилди. Бу Украинада сотилган илк қамоқхона бўлди. Бу ҳақда бугун, 3 июнь куни вазир ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилган.

“Бугун 148-сонли Львов ахлоқ тузатиш колонияси ким ошди савдосида сотилди. Бу қамоқхоналарнинг биринчи катта савдоси”, дея ёзди Адлия вазири.

Унинг қўшимча қилишича, етти иштирокчи қатнашган ким ошди савдосида объект нархи уч баравар — 377,5 миллион гривнага (тахминан 13,9 миллион АҚШ доллари) кўтарилган. 

Малюськанинг сўзларига кўра, тушумнинг 30 фоизи давлат бюджетига, 70 фоизи қамоқхона инфратузилмасини тиклашга сарфланади. 

“Катта қамоқхона савдоси “Катта қамоқхона қурилиши”га айланади. Фақат ташландиқ ва қулаб тушган харобалар ўрнига биз Европа стандартларига жавоб берадиган ва давлат учун уят бўлмаган янги қамоқхоналарни қурамиз”, дейди вазир.

“ProZorro.Продажи” портали ҳам ким ошди савдоси натижалари ҳақида хабар бериб, “Девелопмент инжиниринг сервис” аукцион ғолибига айланганини ёзган. Ушбу фирма Львовда рўйхатдан ўтган ва қурилиш билан шуғулланади.

Жорий сотув Украинада амалга оширилган биринчи муваффақиятли колония савдосидир. Март ойида Ирпен ахлоқ тузатиш маркази 220 миллион гривна (8 миллион АҚШ доллари) эвазига ким ошди савдосига қўйилган эди, аммо иштирокчилар йўқлиги сабабли ким ошди савдоси ўтказилмади. 

Апрель ойида бўлиб ўтган иккинчи ким ошди савдосида колониянинг нархи ярмигача пасайтирилган, аммо яна ҳеч ким бу бўйича мурожаат қилмаган.

Жиноий жазоларни ижро этиш департаментининг маълумотларига кўра, ҳозирда Украинада юздан зиёд қамоқхоналар мавжуд, шулардан 27 таси яроқсиз ва яна тўққизтаси яқинда ёпилади. 148-сонли Львов ахлоқ тузатиш колонияси эса 2018 йилдан бери ёпиқ бўлган.

Европа Кенгашининг маълумотларига кўра, Украина қамоқхоналарда энг кўп маҳкум сақлайдиган TOP-10 давлатлар қаторига киради. Ушбу давлатда 53 мингга яқин маҳкум бор. 

Бундан ташқари, Украинанинг 100 минг аҳолисига 125,7 нафар маҳкум тўғри келади, бу Европанинг ўртача кўрсаткичидан (100 минг аҳолига 106 нафар маҳкум) юқори.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

141

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг