Украина устидан “ҳаво қалқони” қуриш зарур – Зеленский

Олам 4880
image

Украина Президенти Владимир Зеленский Германия канцлери Олаф Шольц билан телефон орқали суҳбатда Киевга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини тақдим этиш масаласи ва дон келишувини муҳокама қилди. Бу ҳақда у Twitter саҳифасида ёзган.

“Украина узра ҳаво қалқони қуриш керак. Биз дон ташаббусини давом эттириш муҳимлигини таъкидладик”, дейди у Шольц  билан суҳбатини шарҳлаб.

Шунингдек, Украина Президенти Берлин томонидан тақдим этилган бир дона IRIS-T ҳаво мудофаа тизими учун миннатдорлик билдирган.

Украина раҳбари суҳбат чоғида дон ташаббусини давом эттириш муҳим эканини қўшимча қилган

"Биз дунёни очлик билан шантаж қилишига йўл қўймаслигимиз керак", дейди Зеленский.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга мўлжалланган келишувдаги фаолиятини тўхтатишини маълум қилган эди. Расмий Москва бунга аннекция қилинган Севастополдаги Қора денгиз ҳарбий флотига уюштирилган ҳужумни сабаб сифатида келтириб, ҳужум "дон йўлаги"дан фойдаланган ҳолда уюштирилганини  таъкидлаган.

Маълумот учун, 22 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича келишув имзоланганди. Айтиш жоизки, мазкур ҳужжатни Россия, БМТ ва Туркия вакиллари Украина расмийлари билан биргаликда имзолаган.  Чунки дон шартномаси Украинанинг Одесса, Южний ва Черноморск портларини ўз ичига олади.

Шартнома муддати 19 ноябрда тугаши сабаб Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия аввалроқ келишувни узайтиришга чақирган эди.

Бироқ, октябрь ойида Қрим кўпригидаги портлаш ортидан Россия Президенти Владимир Путин портловчи ускуна дон йўлаги орқали Қримга олиб келингани тасдиқланса, дон келишуви тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтганди.

Фарангиз Салимова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 53
Рейтинг: 3
t
×