Украина Россиянинг яна бир разведка самолётини уриб туширди
Олам
−
24 Февраль
9679Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари Россия Аэрокосмик кучларининг А-50 узоқ масофали разведка самолётини йўқ қилди. Бу ҳақда Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони, генерал-лейтенант Николай Олешчук маълум қилди.
Унинг ёзишича, Россия ҳарбий-космик кучларининг "Баян" чақирув белгиси бўлган А-50 самолёти йўқ қилинган. Олешчук Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасига ва ушбу натижани таъминлаган барчага миннатдорлик билдирди.
Украина ОАВлари Россиянинг Краснодар ўлкасидаги Каневский туманида жойлашган “Трудовая Армения” фермаси яқинида узоқ масофага учувчи Россиянинг А-50 радар самолёти ҳалокатга учрагани ҳақида ёзмоқда.
Украина Бош разведка бошқармасининг аниқлик киритишича, Украина ҳарбий разведкаси ва Ҳарбий-ҳаво кучлари А-50 разведка самолётининг модернизация қилинган версияси бўлган А-50У самолётини уриб туширган.
“Бу ҳаво қўмондонлик пунктидан узоқ масофали радарларни аниқлаш, назорат қилиш ва стратегик авиация ракеталари билан Украинага берилган зарбалар учун йўл-йўриқ кўрсатиш мақсадида фойдаланилади”, дейилади хабарда.
Ушбу маълумотларга кўра, самолёт фронт чизиғидан 215 км узоқликда уриб туширилган.
Россия Мудофаа вазирлиги бу маълумотга ҳозирча изоҳ бермади. Россия оммавий ахборот воситалари эса “Краснодар ўлкасининг Каневский туманида номаълум самолёт қулагани”ни ёзмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 14 январь куни ҳам Украина ҳарбий-ҳаво кучлари Азов денгизи узра Россиянинг А-50 разведка самолётини уриб туширганди.
LiveБарчаси