Украина Россия ҳудудининг қарийб 1000 кв километрини назорат қиляпти – Зеленский
Олам
−
13 Август
7272Ҳозирда Украина армияси Россия ҳудудининг қарийб 1000 квадрат километрини назорат қилмоқда. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
У Бош қўмондон штаб-квартирасида йиғилиш ўтказганини ёзди. Учрашув кун тартибини сарҳисоб қилар экан, Зеленский шундай деди:
“Энг муҳими, Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Александр Сирский фронт чизиғидаги мудофаа ҳаракатларимиз ва Курск вилоятидаги операцияларимиз ҳақида ҳисобот берди. Барча аскар ва қўмондонлардан қатъиятли ҳаракатлари учун миннатдормиз. Шунингдек, биз Украина Ички ишлар вазири, бошқа расмий шахслар ва Хавфсизлик хизматига операция зонаси учун инсонпарварлик ёрдами режасини тайёрлашни топширдик”.
Украина Хавфсизлик хизмати баёнотида эса Россия разведкаси Курск вилоятидаги вазиятдан фойдаланиб, украиналик ҳарбийлар ҳарбий жиноятлар содир этгани ҳақида ёлғон маълумот тарқатгани айтилади.
“Душманнинг бундай ахборот ва психологик махсус операциялари, биринчи навбатда, Украина Қуролли кучларининг ҳужумкор ҳаракатларига самарали қаршилик кўрсата олмаслиги билан боғлиқ. Бизнингча, яқин келажакда Россия махсус хизматлари Украина томонини янада айблаш мақсадида тинч аҳолига, хусусан, Курск вилоятида жиноятлар уюштириши мумкин. Украина Хавфсизлик хизмати бундай уринишлар бефойда ва ҳеч қандай ҳолатда Украина Қуролли кучларининг ҳужумкор ҳаракатларига ёки мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлари позициясига таъсир қилмаслигидан огоҳлантиради”, деб ёзади у.
Баёнотда айтилишича, Украина Мудофаа кучлари уруш қоидаларига, жумладан, ҳарбий асирлар ва тинч аҳолига нисбатан муносабатда бўлиш қоидаларига қатъий риоя қилишини бутун дунёга исботлаган.
LiveБарчаси