Украина қарийб 5 миллиард долларлик ракета сотиб олмоқчи
Олам
−
24 Ноябрь 2023
5107Украина 2024 йилда ракета қуроллари ва ўқ-дориларини сотиб олишга қарийб 4,85 миллиард доллар сарфлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“2024 йилга мўлжалланган мудофаа бюджетининг устувор йўналишларидан бири бу ракеталар ва ўқ-дорилардир. Бу соҳага 2024 йилга мўлжалланган маблағдан 175 миллиард гривна (Украина Миллий банкининг жорий курси бўйича тахминан 4,85 миллиард доллар) сарфланади. Ҳарбий техника учун – тахминан 80 млрд гривна (тахминан 2,2 млрд доллар) ажратилади”, дейилади хабарда.
Мудофаа вазирлигининг қўшимча қилишича, биринчи навбатда қурол-яроғ ва жиҳозлар сотиб олишга, шунингдек, Украина ишлаб чиқарувчиларидан шартнома бўйича таъмирлаш ишларига эътибор қаратилади. 2024 йилда ушбу мақсадлар учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан уларга 190 миллиард гривнадан ортиқ (тахминан 5,2 миллиард доллар) пул ажратилиши режалаштирилган.
Бош вазир Денис Шмигаль Украинанинг Олий Рада томонидан тасдиқланган 2024 йилги бюджетида харажатларнинг деярли ярми ҳарбий эҳтиёжлар ва хавфсизликка йўналтирилишини маълум қилган. Ҳужжатга кўра, Украинанинг ташқи қарзлари 41 миллиард долларни ташкил қилиши керак.
Шундан сўнг Украина Президенти Владимир Зеленский ҳарбий саноат эҳтиёжларига минтақавий бюджетлардан 96 миллиард гривна (2,66 миллиард доллар) ўтказиш тўғрисидаги қонунни имзолаган. Шунингдек, 2024 йилда Украина Давлат йўл жамғармасининг барча маблағлари ҳарбий эҳтиёжларга йўналтирилади. Украина Молия вазири Сергей Марченконинг сўзларига кўра, бу тахминан 94,7 миллиард гривна (тахминан 2,6 миллиард доллар)ни ташкил этади.