Украина Ғарб етакчиларидан Россия газига эмбарго қўйишни сўради
Олам
−
16 Июнь 2022
6001Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг Германия, Италия, Руминия ва Франция етакчилари билан учрашувда Киев томони Европа давлатлари етакчиларига Россияга қарши ЕИ санкцияларининг еттинчи пакетини, жумладан, Россия газига нисбатан эмбарго киритиш бўйича таклифларни билдирди. Бу ҳақда Украина Президенти девони раҳбари Андрей Ермак ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
“Биз давлатлар раҳбарларига Макфол-Ермак халқаро гуруҳи томонидан тайёрланган Россияга қарши санкциялар бўйича таклифларнинг тўлиқ пакетини топширдик”, деб ёзди Ермак.
Украина Президенти девони хабарига кўра, учрашув чоғида Европа етакчиларига Россия Федерациясига қарши янги санкциялар, жумладан газ эмбаргоси бўйича таклифлар берилган.
“Украина халқаро коалиция томонидан кучли қўллаб-қувватланмоқда”, дейди Зеленский идораси раҳбари.
Андрей Ермак ва АҚШнинг Москвадаги собиқ элчиси Майкл Макфол бошчилигидаги экспертлар гуруҳи Зеленский ташаббуси билан Ғарб давлатларига Россия Федерациясига қарши санкциялар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун тузилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 16 июнь куни Германия канцлери Олаф Шольц, Франция Президенти Эммануэль Макрон ва Италия Бош вазири Марио Драги Киевга келди. Улар бугун Киев вилоятининг Ирпень шаҳрида бўлиб, уруш талафотларини кўздан кечирди. Сўнг Президент Владимир Зеленский билан учрашди.
LiveБарчаси