Украина ДХР ва ЛХР сабаб яна бир давлат билан муносабатларини узди
Олам
−
14 Июль 2022
14451Украина Ташқи ишлар вазирлиги Шимолий Корея билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилди. Бунга КХДРнинг Украина шарқидаги Донецк ва Луганск вилоятларининг мустақиллигини тан олгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Украина ТИВ сайтида хабар берилган.
Қайд этилишича, Киев КХДР Президенти Пхеньяннинг қарорини “Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига путур етказишга уриниш, мамлакат Конституцияси, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми ҳамда халқаро ҳуқуқнинг асосий норма ва тамойилларини қўпол равишда бузиш” деб баҳолаган.
“Украина Ташқи ишлар вазирлиги Корея Халқ Демократик Республикасининг Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларида Россия Федерацияси томонидан вақтинча босиб олинган ҳудудларнинг мустақиллигини тан олиш ҳақидаги қарорини кескин қоралайди. Бундай нодўстона ҳаракатга жавобан Украина КХДР билан дипломатик муносабатларни узганини эълон қилади. Мамлакат билан сиёсий ва иқтисодий алоқалар ушбу давлатга нисбатан жорий этилган халқаро санкциялар туфайли амалга оширилмайди”, дейилади хабарда.
Айтиш жоизки, Шимолий Корея Украина шарқидаги Донецк мустақиллигини тан олгани ҳақида кеча, 13 июль куни ДХР республика раҳбари Денис Пушилин маълум қилган, кейин бу маълумотни “Интерфакс”га КХДРнинг Россиядаги элчихонаси тасдиқлаган ва ЛХР ҳам тан олинганини қўшимча қилган.
LiveБарчаси