Украина боши берк кўчага кириб қолгани йўқ – Дорошенко
Олам
−
15:18
2361Айрим халқаро оммавий ахборот воситаларида баъзида Украина боши берк кўчага кириб қолгани ҳақида хабарлар эълон қилинади. Украинанинг Тошкентдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Миколо Дорошенко эса бу хабарларни рад этди. Бу ҳақда у бугун, 19 ноябрь куни Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли урушининг 1000-кунига бағишланган брифингда сўз очди.
“Менимча, вазиятга бундай баҳо бериш муболаға. Ҳозир оғир даврларни бошдан кечиряпмиз ва бу ҳақиқат. Биз эртанги кун ҳақида қайғуряпмиз ва бу ҳам тўғри.
Аммо одамлар “бу боши берк кўча” дейишса, бу мамлакат ва унинг аҳолиси умидсизликка тушиб қолганини, ҳамма нарса йўқолганини, умид йўқлигини англатади. Ва бу энди шунчаки тўғри эмас. Мен яқинда Украинада уйда эдим ва ҳавода келажакка жамланган, кескин интизорликни ҳис қилдим, лекин қўрқув ёки умидсизликни эмас”, дейди элчи.
Россиянинг Украинага қарши уруши ўн йилдан ортиқ давом этаётгани, кенг кўламли босқин деярли уч йил олдин бошлангани ва бугун бу тажовуз бошланганига роппа-роса 1000 кун бўлганини эслатган Дорошенко украиналиклар бу вақт ичида ўлим ҳақида ўйлашга ўрганиб қолганини айтди.
“Биз ўлимнинг юзига қарашни ўргандик, шунинг учун биз энди ундан қўрқмаймиз ва “боши берк кўчани” кўрмаяпмиз. Биз барқарор ва умидли бўлиб қоламиз.
Россия қўшинлари Донецк вилоятидаги энг қайноқ нуқталар – Покровск ва Кураховода бизнинг мудофаани ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Харьков вилоятидаги Купянск таҳдид остида, Запорожье вилоятида эса Орехов туманида кескинлик юқори. Ҳеч кимга сир эмаски, руслар у ерда ҳужум қилиш учун куч тўпламоқда. Бу урушнинг оғир ҳақиқатлари”, дейди элчи.
Унинг айтишича, ҳозир вазият оғир, лекин уни назорат қилиш мумкин. Украина қўшинлари ҳозир мобил, динамик мудофаада. Улар ҳаётни сақлаб қолиш ва Россияга максимал даражада зарар этказиш учун манёвр қилади.
Дорошенконинг сўзларига кўра, тўлиқ миқёсли тажовуз бошланганидан бери Россия қуйидаги йўқотишларга дуч келган:
- 720 000 аскар,
- 9 000 дан ортиқ танк,
- 20 000 га яқин артиллерия тизими,
- 370 самолёт,
- 330 вертолёт,
- 1250 ракета тизимлари,
- 18 000 дан ортиқ ҳарбий кемалар ва сув ости кемалари.
Шунингдек, Украина Россия Қора денгиз флотининг деярли учдан бир қисмини йўқ қилган ёки ишдан чиқарган.
“Мен буни “тупик” деб атамаган бўлардим. Яна бир факт: Россия ўз конституциясига Украинанинг тўртта вилоятини киритган, аммо шу кунгача уларнинг бирортасини тўлиқ назорат қилмайди. Бир йил олдин Путин Донецк вилоятини, тахминан 10 минг квадрат километр майдонни тўлиқ босиб олишни буюрган эди. Бугунги кунда улар ушбу ҳудуднинг атиги 17 фоизини эгаллаб олишди. Агар кимдир “тупик”да бўлса, бу руслар: улар кўпроқ одамлар ва ускуналарни сарфламоқда, лекин камроқ натижаларга эришмоқда”, дейди элчи.
LiveБарчаси