Украина ҳаётининг муҳим масалалари Киевда эмас, Вашингтонда ҳал қилинади — Путин 

Олам 5323
image

Украина Президенти Владимир Зеленский давлатни тўлиқлигича ташқи кучларга топшириб қўйган. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин бугун, 30 июнь куни “Президент билан тўғридан-тўғри алоқа” лойиҳасида мамлакат фуқаролари саволларига жавоб бераётиб, айтиб ўтди.

“У [Зеленский] Украинани тўлиқ ташқи назорат остига топширди. Украина ҳаётининг муҳим масалалари Киевда эмас, балки Вашингтонда, қисман Берлин ва Парижда ҳал қилинади”, дейди Путин.

Унинг қўшимча қилишича, бундай ҳолатда Зеленский билан “нимани ҳам муҳокама қилиш мумкин”.

“Шунга қарамай, мен бундай учрашувлардан бош тортмайман. Бироқ нима ҳақида гаплашишни тушуниб олиш керак”, дея хулоса қилди у.

Зеленский билан учрашув тўғрисида

Жорий йилнинг апрелида Президент Владимир Зеленский Путин билан Донбасснинг исталган жойида учрашиб, Украинанинг шарқидаги можарони муҳокама қилиш истагини билдирди. Путин ғоя борасида фикр билдирар экан, агар учрашувда Донбасс муаммоларини муҳокама қилиш ҳақида гап кетадиган бўлса, унда Украина раҳбарияти биринчи навбатда тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари раҳбарлари билан учрашиши кераклигини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, айнан шундан сўнг Донбасс бўйича келишувни бошласа бўлади. 

“Фақат шундан кейингина ушбу масалани ҳар қандай учинчи давлат билан, шу жумладан Россия билан муҳокама қилиш мумкин, чунки расмий Москва ушбу можаро иштирокчиси эмас, балки музокаралар вақтида воситачи вазифасини бажаради”, дея таъкидлаган Путин.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 234
Рейтинг: 2.9
t
×