Украина ҳарбийлари ЗАЭС ҳудудини ўққа тутаётгани айтилмоқда

Олам 8001
image

Кеча, 31 август куни 60 кишидан иборат Украина саботаж гуруҳи ЗАЭСни эгаллаб олишга уриниш учун Каховка сув омбори қирғоғига тушди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

“Эрталаб соат 6:00 да Украина қўшинларининг 60 кишидан иборат иккита саботаж гуруҳи еттита қайиқда Запорожье атом электр станциясидан уч километр шимоли-шарқда жойлашган Каховка сув омбори қирғоғига сузиб ўтди ва станцияни эгаллаб олишга уринди. 

Россия Қуролли кучлари душманни йўқ қилиш чораларини кўрди”, дейилади хабарда.

Россия Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, кеча, 31 август эрталаб соат 8:00 дан бери Украина Қуролли кучлари Василевка аҳоли пункти ва Запорожье атом электр станцияси ҳудудида МАГАТЭ миссиясининг учрашиш нуқтасини ўққа тутмоқда.

Хусусан, биринчи қувват блокидан 400 метр масофада тўртта снаряд портлаган. 

“Киев режимининг провокацияси МАГАТЭ ишчи гуруҳининг Запорожье атом электр станциясига келишини бузишга қаратилган”, дейилади хабарда. 

Айтиш жоизки, 30 август куни МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси бошчилигидаги миссия Киевга етиб борганди. Кеча, 31 август куни эрталаб эса МАГАТЭ миссияси карвони Киевдан чиқиб, Энергодардаги ЗАЭС томон йўл олган.

МАГАТЭ бош директори Рафаэль Гросси ЗАЭСда МАГАТЭ мутахассисларининг доимий иштирокини ташкил этишни режалаштираётганини маълум қилди. Россия Федерациясининг Венадаги халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Михаил Ульянов Россия бу ниятни олқишлашини айтди. 

Эслатиб ўтамиз, Россия март ойи бошида ЗАЭСни эгаллаб олди, шундан кейин украиналик ходимлар станцияда ишлашда давом этди. 5 август куни украин матбуоти руслар ЗАЭСга тўрт марта ўқ узгани ҳақида хабар берди. Сўнгги кунларда электр станцияси мунтазам равишда ўққа тутилмоқда, бунда Россия ва Украина бир-бирини айбламоқда. Расмий Москвага кўра, Украина бўлинмалари томонидан Запорожье атом электр станциясининг ўққа тутилиши ядровий терроризм акти ва бу Чернобилдан ҳам каттароқ фалокатга олиб келиши мумкин.

Запорожье Европадаги энг йирик атом электр станцияси бўлиб, у Украинадаги барча электр энергиясининг чорак қисмини ишлаб чиқаради. Қарийб 6 минг мегаватт қувватга эга ушбу иншоот олтита энергия блокидан иборат. Ҳозирда атом электр станцияси тўлиқ қувватининг 70 фоизида ишлайди.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 193
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×