Уханда иккинчи махсус шифохона қуриб битказилди

Олам 5283
image

Бугун, 8 февраль куни Хитойнинг Ухань шаҳрида имкон қадар тезроқ қурилган "Леишаншан" янги коронавирусни даволаш бўйича иккинчи ихтисослаштирилган шифохона фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси хабар бермоқда.

Шифокорларнинг биринчи гуруҳи аллақачон етиб келишган, улар беморларни қабул қилиш учун тайёргарликни бошлашган. Беморларнинг кўпчилиги режага кўра, 8 февраль куни шу ерга кўчирилди. Бундан ташқари, вирус аниқлангани тасдиқлаган янги беморлар эндиликда шу ерда жойлашадилар.

Уханга ёндош жойлашган юқумли касалликлар шифохонаси 79 минг квадрат метр майдонни эгаллаган бўлиб, ҳудуддаги 10 та бино тиббиёт ходимларига ва логистика учун мўлжалланган. Шифокорлар учун жами 264 та хона ажратилган бўлиб, уларда олти киши жойлашиши мумкин, ҳар бирида учта кровать, кондиционер, телевизор, бошқа электр жиҳозлари, алоҳида ҳожатхона ва душ мавжуд.

Шифохона 1500 беморга мўлжалланган. Хоналарга 2 тадан бемор жойлашиши мумкин. Аҳволи оғир беморлар учун алоҳида махсус хоналар мавжуд.

Шунингдек, шу ҳафта бошида Хошеншан шифохонаси беморларни қабул қила бошлади, у 10 кун ичида қурилган эди. Иккинчи шифохона 27 январда қурила бошланган эди. Дастлаб, уни 5 февраль куни фойдаланишга топшириш кўзланган эди, аммо топшириш муддати бироз чўзилган. Иккала шифохона ҳам Пекиндаги Хиаотаншан шифохонасининг модели асосида қурилди. Пекиндаги шифохона эса 2003 йилда SARS эпидемияси даврида етти кун ичида қуриб битказилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 31 декабрь куни Хитой маъмурлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган Ухань шаҳрида номаълум пневмония касаллиги ҳақида хабар беришган эди. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Хитойда пайдо бўлган янги коронавирус қурбонлари сони 724 нафарга етган. Қурбонларнинг фақатгина икки нафари Хитойдан ташқарида вафот этган. Дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони эса 34 878 нафарга етди. Беморларнинг 34 546 нафари Хитойда қайд этилган. Қолганлари дунёнинг 26 давлатида аниқланган.

Коронавирусдан даволанганлар сони 2085 нафарга етди. Беморларнинг 6106 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

Нуруллоҳ Шарипов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 137
Рейтинг: 2.9
t
×