Ўқувчи қизларга таҳдид қилган имом-хатиб ишдан олинди
Жамият
−
29 Январь 2023
73619Ижтимоий тармоқларга Тошкент вилоятидаги “Эшонхўжа ота” масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов араб тилини ўрганаётган 16 ёшли қизлар билан қўпол гаплашаётгани ва “жонини олишини” айтиб таҳдид қилган аудиоси сиздирилди. Ҳолат Ўзбекистон мусулмонлари идораси Ички назорат комиссияси томонидан муҳокама қилиниб, имом-хатиб эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши кераклиги хулоса қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий Telegram-каналида хабар берилди.
“Бундай шахсларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ўрин йўқ”, дейилади идора хабарида.
Қайд этилишича, имом-хатибнинг ҳолати имомлик мақомига мутлақо тўғри келмайди. Шунингдек, Авазхўжа Баҳромов араб тили ўқув курсларида дарс бериши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасини белгиланган тартибда хабардор этмаган.
“Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний соҳа ходимларини жамиятда ўзини тутиши, одамлар билан муносабатда намуна кўрсатиши, имомлик мақомига муносиб бўлиши борасида мунтазам тушунтириш ишларини олиб боради. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аввал ижрога йўналтирилган норматив ҳужжатларда ҳам имом-хатиб тасдиқланган меъёрий ҳужжатларга амал қилиши ва меҳнат мажбуриятларига риоя этиши қатъий белгилаб қўйилган эди”, дейилади идора хабарда.
Бироқ Авазхўжа Баҳромов мазкур хатти-ҳаракати билан меъёрий ҳужжатлар талабларини қўпол равишда бузиб, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мазкур йўналишдаги буйруқлари, ички тартиб қоидалари ҳамда меҳнат мажбуриятларига риоя этмагани маълум бўлган.
Айни кунларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Авазхўжа Баҳромовнинг мазкур хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш юзасидан иш олиб бормоқда.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15