Ўқ отиш федерациясининг Париж-2024 учун режалари маълум қилинди
Спорт
−
23 Ноябрь 2021
2611Кеча, 22 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги ўқ отиш федерацияси спортчи ва мураббийлари билан Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаларининг муҳокамасига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида 12 та йўлланма билан иштирок этишни мақсад қилаётгани маълум қилинди. Аҳамиятлиси, узоқ танаффусдан сўнг, Лондон-2012 Олимпиадаси иштирокчиси Сакина Мамедовани ҳам Париж-2024 даъвогарлари қаторида кўриш мумкин.
Қайд этиш жоиз, ушбу спорт Олимпия ўйинларида энг кўп медаль ва йўлланмалар ўйналадиган турлардан бири ҳисобланади. Шу боис МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов федерация лицензиатлар борасида етакчи бўлиши лозимлигини айтиб ўтди.
Учрашув давомида айни пайтда ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар, уларни бартараф этиш учун зарур чоралар, барча спортчиларни замонавий қурол ва бошқа инвентарлар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Шоабдураҳмоновдан ташқари Туризм ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов, спортнинг қишки ва мураккаб турлари бўйича олий спорт маҳорат мактаби вакили, федерация мутасаддилари ва Париж-2024 Олимпиадасига даъвогар спортчилар иштирок этишди.
Ўзбекистон Президентининг “2024 йил Париж шаҳрида (Франция) бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ва XVII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган эди.
LiveБарчаси