Ўқитувчининг “отпуска” пулидан фоиз олмаса бўларди — депутат банкларнинг 1 фоизлик “бож”ига қарши чиқди
Жамият
−
17 Июль 2021
15477Халқ демократик партиясининг Ўрта Чирчиқ туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Феруза Бабашева Ўзбекистондаги банк тизимини ва унинг фаолиятини танқид остига олди. Депутат ўз фикрларини Facebookдаги шахсий саҳифасидаги жонли эфир пайтида очиқ баён этган.
Феруза Бабашеванинг айтишича, бугунги кунда жуда кўп педагоглар Ўзбекистондаги айрим банклардан норози. Сабаби, улар ўз маошларини нақд пул қилиб олиш учун банкга мурожаат қилишганида ўша банкнинг мижози бўлишларига қарамасдан пуллари фоиз эвазига ечиб берилмоқда.
“Ҳозир барча ўқитувчилар таътилга чиқишди ва уларнинг “отпуска” пуллари ўз пластик карталарига тушган. “Aгробанк”нинг мижозлари бўлган ўқитувчилар пластик карталаридаги пулни нақд қилиш учун ўша банкга мурожаат қилишганида 1 фоиздан ушлаб қолишган. Қолган пайтлари майли, лекин шу “отпуска” пулларидан фоиз ушлаб қолмаса бўларди.
Ўқитувчилар айтяпти, “Масалан, икки миллион сўмни нақдлаштирмоқчи бўлсак, нима учун йигирма минг сўм ушлаб қолишяпти? Ўзимиз ишлаган ойликни тўлиқ ололмаймизми? Пластик карталаримиз “Aгробанк”да бўлса…”, дейишяпти. Шунча йил ишлаб ва битта банкнинг мижози бўла туриб “отпуска” пулларини тўлиқ ололмаган жуда кўп педагоглар мурожаат қиляпти. Улар ўша банкнинг мижози бўлса, ҳеч бўлмаганда 0,5 фоиздан олиб қолса бўлади-ку”, дейди Феруза Бабашева.
Депутат сўзида давом этаркан, агар фуқаро бир банкнинг мижози бўлса ва у пластик картасидаги пулларни айнан ўша банкдан нақд қилиб олмоқчи бўлса, унга махсус “льгота” берилиши кераклигига ҳам тўхталди. Бундай бонуслар чет давлатлардаги қатор банклар фаолиятида жуда яхши йўлга қўйилганини, агар мижоз харид қилса ва ўша банкнинг пластик картасидан фойдаланса, банк унга яна қўшимча тарзда маълум миқдорда маблағ таклиф қилишини ҳам айтиб ўтди. Унинг таърифича Ўзбекистонда фақат “юлиш-юлиш”.
“Бир ўқитувчи менга икки миллион сўм нақд қилмоқчи бўлганини ва бир миллион тўққиз юз саксон минг сўм олганини айтди. Шунингдек, ундан йигирма минг сўм ушлаб қолишганидан норози эканлигини ҳам билдирди. “Aгар мен ўша йигирма минг сўмга бир литр ёғ олсам, болаларим билан бир ҳафта истеъмол қилар эдик”, деган гапи мени жуда таъсирлантирди. Бундай ўйлаб қарасам ўша йигирма минг сўм ҳам бугунги кунда ҳар биримиз учун катта пул.
Менимча, бу каби муаммоларни ҳудудий филиаллар ҳал қилмайди. Бунинг учун Марказий банкга чиқиш керак. Банклар ўқитувчилар, боғча тарбиячилари ва шифокорлар ойлигидан “юлиб” қолмаса бўларди!”, дейди Бабашева.
Ўрта Чирчиқ туман кенгаши раиси Феруза Бабашева юқоридаги фикрлардан мутасаддилар тегишли хулоса чиқаришлари лозимлигини, Ўзбекистондаги банк тизими ҳақида жиддий ўйлаб кўриш кераклигини ва бундай ҳолатлар катта фожиа эканини ҳам таъкидлаган. Депутат жонли эфир сўнгида ўз кузатувчиларидан келган фикрларни ўқир экан, бир обуначисининг “Ўзбекистондаги энг ўғри банк– “Aгробанк”, деган изоҳига “шу фикрга келишдан бошқа иложимиз йўқ”, дея фикр билдирди.
Феруза Бабашева мазкур масалани ўзи учун қайд қилиб олганини ва келгуси сессияларда банклар чақирилган пайтда, албатта, кўтаришини маълум қилган.
LiveБарчаси