Ўқитувчиларини янги методика асосида ўқитишга $100 млн ажратилади

Жамият

image

Ўзбекистонда мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланади. Бунинг учун 100 миллион доллар қўшимча маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 апрель куни халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган йиғилишда сўз очди.

Президентнинг таъкидича, ушбу янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун:

•  1 июнга қадар ҳар бир ҳудуддаги Малака ошириш марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий таълим марказлари ташкил этилади;

•  ушбу марказларга математика, физика, кимё, биология, IT каби аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади;

•  хорижий мутахассислар ёрдамида олийгоҳ, миллий таълим марказлари ва мобиль гуруҳларнинг муаллимларидан иборат ҳар бир вилоят кесимида “тренерлар гуруҳлари” шакллантирилади;

•  мазкур тренерлар эса жойларда мактаб ўқитувчиларининг бевосита малакасини ошириб боради. Уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устамалар тўланади.

Умуман, юқоридаги янги тизимларни жорий қилиш учун 100 миллион доллар қўшимча маблағ йўналтирилади. Президент бу борада Қорақалпоғистон ва Самарқанд тажрибасини кўрсатиб ўтган.

Шавкат Мирзиёевга кўра, Қорақалпоғистондаги мобил гуруҳлар бир ой давомида жойида муаллимларни ўқитгани натижасида уларнинг билим ва кўникмалари 15 фоизга яхшиланган. Самарқандда 420 нафар илғор педагоглар танлаб олиниб, мобил гуруҳлар вилоятнинг 9 минг нафар ўқитувчилар малакасини оширишни бошлаган. 

Шунингдек, Авлоний институти Республика миллий таълим маркази сифатида қайта ташкил этилади ва Тошкент давлат педагогика университети билан ягона тизимга айлантирилади. 

Умуман, янги методикаларга ўқитиш тизими Миллий таълим маркази ва Тошкент давлат педагогика университетидан бошланади. Университет Халқ таълими вазирлиги таркибига ўтади, мактаб ўқитувчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича республикадаги таянч муассасага айлантирилади.

Ҳудудларда фаолият юритаётган педагогика олийгоҳлари босқичма-босқич университетлар таркибидан алоҳида ажратиб чиқарилади ва мустақил таълим даргоҳига айлантирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг