Ўқитувчи ва тарбиячиларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш бошланди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида мактаб ўқитувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш бошланди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев маълум қилди. 

Гап шундаки, ўтган ой Расул Кушербоев Молия вазири, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, Соғлиқни сақлаш вазири ҳамда Халқ таълими вазири номига педагогларнинг тиббий кўрикдан ўз ҳисобларидан мажбуран ўтказилиши масаласида "депутатлик сўрови" юборган эди. 

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунининг 45-моддасида давлат таълим муассасалари ва ташкилотлари ходимлари давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий кўрикдан ўтиши бепул этиб белгиланган. Бироқ, қонуннинг ушбу моддасидан кўпчилик бехабар эди ва модда амалда ишламай келаётганди. 

Кушербоев юборган депутатлик сўрови асосида адолат тикланди. Унинг қайд этишича, айни вақтда ўқитувчиларни ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячиларини бепул тиббий кўрикдан ўтказиш бошланган.

“Таълим тизими ходимларининг бепул тиббий кўриги масаласида Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов билан мулоқотда бўлдим.

Қонунда ушбу тизим ходимлари учун мажбурий тиббий кўрик бепул эканлиги кўрсатилишига  қарамай турли важлар билан бу қонун талаби бажарилмай, ходимлар ўз ҳисобларидан тиббий кўрикдан ўтиб келишмоқда эди.

Ушбу масалада яқинда Соғлиқни сақлаш вазири, Халқ таълими вазири, Молия вазири, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири номига депутатлик сўрови киритган эдим 

Мулоқотда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари биз кўтарган ушбу масала ўрганилгани ва асосли эканлигини инобатга олиб, зудлик билан вилоятлардаги Соғлиқни сақлаш бошқармалари ва тиббий марказларга Халқ таълими ҳамда Мактабгача таълим тизимида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи ва тарбиячиларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича топшириқлар берилганини билдирди.

Бу ҳақида тармоқларда ҳам эълонлар чиқарилмоқда экан.

Шунингдек, молиявий масалаларни ҳал этиш ҳақида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Молия вазирлигига тегишли топшириқ ҳам берилибди.

Ниҳоят қонунда кафолатланган ҳуқуқнинг амалда ҳам таъминланишига эришилаётгани бизни ҳурсанд қилмоқда. Ҳар қалай ҳаракатларимиз зое кетмабди.

Энди ўқитувчи ва тарбиячиларни тезроқ бепул тиббий кўрикдан ўтишга чақирамиз”, деб ёзган ўзининг Telegram-каналида Кушербоев.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

79

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг