Ўқитувчи ўқувчини ургани тасдиқланмади, аммо ўқитувчининг кўзи кўкарган

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Олмазор тумани 134-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Гулчеҳра Агзамованинг дарс вақтида ўқувчилардан бирини калит билан бошига ургани айтилган видеолавҳа тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Халқ таълими бош бошқармаси расмий муносабат билдирди.

Аниқланишича, воқеа жорий йилнинг 15 сентябрь куни 2-смена дарс вақтининг бошланиш арафасида 134-мактабнинг 2-қават йўлагида содир бўлган. Шовқин суронни эшитган инглиз тили фани ўқитувчиси Гулчеҳра Агзамова ўзаро муштлашаётган 2 нафар ўқувчиларни ажратиш мақсадида уларга танбеҳ бериб, тартибга чақирган. Шундан сўнг, ўқитувчи ўқувчиларни ажратиб, 5-А синфнинг дарс хонасига олиб кирган ва ўқувчиларни тинчлантирган.

Бироқ, ўқитувчи хонадан чиқиб кетгач, синф партасининг отилган овози ва ўғил боланинг бақириғи эшитилган. Шунда Инглиз тили ўқитувчиси яна ўша синфга қайтиб кирган. Қараса, ўзи ажратган 2 нафар ўқувчи бир-бирини яна муштлаб, бўғаётган бўлган. Уларни ажратиш мақсадида иккала ўқувчини ҳам икки томонга олиб, жойига ўтқазмоқчи бўлганида, ўқувчи З.И. эмоцияда ўқитувчига қаршилик билдирган. Ўқитувчи ўқувчини жаҳлдан тушириш учун “бас қил”, деб баланд овозда танбеҳ берган ва қўлидан ушлаб жойига ўтқазган. 

Маълум қилинишича, ўқитувчининг қўлида ҳеч нарса бўлмаган ва болага ҳеч қандай тан жароҳати етмаган. Ўқувчи бу воқеа орасида ўқитувчига нисбатан ҳақоратли сўзлар билан сўкинган ва ўқитувчи ўқувчини тинчлантириш учун партага қўли билан уриб, тартибга чақирган.

Бўлиб ўтган воқеадан сўнг, 20 сентябрь куни ўқувчи З.И.нинг онаси мактабга келган ва ўша инглиз тили ўқитувчисини дарс жараёнидан чақиртириб олган. Шунда ўқувчининг онаси ўқитувчига қўққисдан қўл кўтарган. Бунинг оқибатида, инглиз тили фани ўқитувчиси Г.Агзамованинг чап кўз юқори қисми кўкариб чиққан. Маҳалла инспектори ва ўқитувчилар – З.Алиқулова, Х.Қосимова, Д.Хўжамеярова бу воқеага гувоҳ бўлган. 

Шундан сўнг, кечки соат 20:00 атрофида маҳалла посбонлари тарафидан Г.Агзамованинг турмуш ўртоғи Х.Агзамовга қўнғироқ бўлган. Улар ўқувчининг онасида бўлиб ўтган ҳолат бўйича видеолавҳа борлигини ва у ижтимоий тармоқларда тарқатилиши мумкинлигини айтган. Маҳалла посбонлари яхшиси, бориб узр сўраш кераклигини маслаҳат берган. Ўқитувчининг турмуш ўртоғи бориб кечирим ҳам сўраган. 

Бироқ, ўқувчининг онаси рози бўлмаган. Сўнгра у дарс вақти бўлишига қарамасдан, синф хонага бостириб кириб, ўқувчиларни ҳар хил саволларга тутган. Қўл телефони орқали барча жараёнларни тасвирга олган. Махсус тайёрланган видеони ўқитувчининг “шаънини булғаш мақсадида” телеграм канали орқали тарқатган. 

Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Олмазор тумани халқ таълими бўлими мудири ўрганиш ўтказиб, ўқувчи ва ўқитувчилар билан  ўзаро суҳбат жараёнида ҳар бир ҳолатга алоҳида ойдинлик киритган. Шундан сўнг, туман халқ таълими бўлими мудири томонидан воқеа юзасидан ўқувчи З.И.нинг онаси чақиртирилиб, вазият икки томонлама ўрганилган. Суҳбат давомида З.И.нинг онаси ҳақиқатдан ҳам ўқитувчини урганлигини тан олиб, “фарзандимни ўқитувчи урганлиги учун мен ҳам ўқитувчини урдим”, дея ўз ҳаракатига изоҳ берган.

Хабарга кўра, мазкур ҳолатга ҳуқуқий муносабат ва хулоса билдирилиши талаб этилгани боис ҳодиса тафсилотлари туман Вояга етмаганлар  ишлари бўйича Комиссияси томонидан ўрганилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

375

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг