Ўқишга киритишни ваъда қилган мактаб директори ва талаба ушланди
3-саҳифа
−
03 Ноябрь 2021
4959Сурхондарё вилояти Узун тумани ҳамда Тошкент шаҳар Бектемир туманида фуқароларни ўқишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди. Ушбу ҳолатни содир этганлардан бири мактаб директори, иккинчиси эса Ўзбекистон миллий университети магистратура босқичи талабаси бўлган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Узун тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, тумандаги умумий ўрта таълим мактаб директори М.Б. фуқаро М.М. билан олдиндан тил бириктириб, икки нафар фуқарони танишлари ёрдамида Қозоғистон Республикаси, Чимкент давлат университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Эвазига эса уларнинг ҳар биридан 1 200 АҚШ долларидан жами 2 400 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва Бектемир туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон миллий университети магистратура босқичи талабаси О.Р. фуқаро О.га гўёки ўзини деканат ходими сифатида таништириб, танишлари орқали унинг Қозоғистон Республикаси олийгоҳидаги ўқишини кўчириб, университетнинг 2-курсига қабул қилингани ҳақида буйруқ чиқартириб беришни ваъда қилган. Шунингдек барча фанлардан баҳо олиб беришини ҳам айтган. Эвазига эса 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Хабарга кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
LiveБарчаси