Ўқишга киритиш масаласида 115 нафар таълим ходими жиноий ишга қўл урган

Жамият 2928
image

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев бугун, 18 январь куни ўтказилган коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика Идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишида таълим соҳасидаги коррупция ҳақида сўз юритди.

Маълумотларга кўра, ўқишга киритиш важи билан 115 нафар, жумладан, 58 нафар олий ва 57 нафар ўрта махсус таълим ходимлари жиноий жавобгарликка тортилган.

Масалан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчиси К. фуқаро Д.ни институтнинг бухгалтерия факультети сиртқи йўналишига ўқишга киритиш учун 10 минг АҚШ доллари олганда ушланган.

Шунингдек, Қарши давлат университетининг проректори Н. махсус сиртқи бўлимга кириш имтиҳонларидан ўта олмаган О.ни ўқишга киришида ёрдам бериш важи билан 3 мингАҚШ доллари олгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Бундан ташқари, Фарғона давлат университети ўқитувчиси С. қабул комиссия аъзоси эканлигидан фойдаланиб, фуқаро А.ни ижодий имтиҳондан юқори балл олишида ёрдам бериш эвазига 6  минг АҚШ доллари  олганда ушланган.

Сўнгги икки йилда 21 нафар талабанинг бундай жиноятларга аралашиб жавобгарликка тортилганлиги тизимдаги коррупция оқибати сифатида кескин танқидга олинди.

Нукус давлат педагогика институти собиқ ректори ва проректори магистратура босқичига синовдан ўтган 55 нафар талабгорнинг имтиҳон натижаларини сохталаштирган. Мазкур ҳолат бўйича айбдор шахсларнинг жиноий жавобгарлик масаласи ҳал қилинган.

Муқаддам олий таълим соҳасида ишлаб, таълим билан боғлиқ порахўрлик ва фирибгарлик жиноятлари учун 4 маротаба судланган У. Олий таълим вазирлигида масъул лавозимда ишлаб, таълим билан боғлиқ қатор жиноятларга қўл урган.

Жумладан, У. Россия ва Украина тиббиёт олийгоҳларида таълим олаётган икки нафар талабанинг ўқишини Тошкентдаги олийгоҳларга кўчириш учун 4 минг АҚШ доллари олганлиги фош этилган. Бундан ташқари, терговда, У. яна 6 та ҳолатда ўқишга киритиш, талабаларнинг ўқишини тиклаш ва кўчириш масаласини ҳал қилишга ваъда бериб, 14 минг АҚШ долларини пора тариқасида олганлиги аниқланган.

Сарвар Анвар ўғли

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 75
Рейтинг: 2.9
t
×