Угандада Ганира Пашаева шарафига сув қудуғи очилди

Олам

image

Ўтган ой вафот этган озарбайжонлик ёзувчи ва депутат Ганира Пашаева шарафига Угандада янги сув қудуғи очилди. Ташаббус Туркиянинг Африка дўстлари уюшмаси томонидан амалга оширилди. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.

Қудуқ Жинжа шаҳри яқинидаги Наватумби қишлоғига қўйилган. “Африка дўстлари” уюшмаси қишлоқдаги эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат тарқатган. 

Уюшма раҳбари Бильгеҳан Гюнтекиннинг сўзларига кўра, ташкилот саъй-ҳаракатлари билан шу кунгача қитъа мамлакатларида 600 га яқин сув қудуғи очилган бўлиб, уларнинг 300 дан ортиғи Угандада жойлашган.

Шунингдек, у “турк дунёси ватанпарвари” Ганира Пашаева хотирасини ҳурмат қилишини билдирган. 

“Унинг руҳи шод бўлсин. Умид қиламанки, бу манба одамларга сув бергани учун унинг руҳи ажр-савобга эга бўлади”, дейди у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 сентябрь куни Озарбайжон Миллий Мажлиси (парламенти) депутати Ганира Пашаева комага тушгани хабар қилинганди. Унга келиб чиқиши номаълум гипотоник ҳолат ташхиси қўйилганди. Кейинчалик у 28 сентябрь куни 49 ёшида Бакуда вафот этди.

Маълумот учун, Ганира Алескар қизи Пашаева 1975 йил 24 март куни Озарбайжоннинг Товуз вилоятида туғилган. У 1998 йилдан АНС ТВ телекомпаниясида мухбир, бош муҳаррир ўринбосари лавозимларида ишлаб келган. 2005 йилда у Ҳайдар Алиев жамғармасининг жамоатчилик билан алоқалар бўлимини бошқарган. 2005 йил 6 ноябрда 105-Товуз сайлов округидан депутат этиб сайланган.

Шу билан бирга, у 2011 йил апрель ойида Туркиядаги архив материаллари ва гувоҳларнинг сўзларига асосланиб, ХХ аср бошларида турклар арманларга қарши геноцид қилгани ҳақида филм суратга олган. У Озарбайжон ёзувчиси Ғазанфар Пашаевнинг жияни эди.

Ганира Пашаева Ўзбекистонга ҳам тез-тез келиб турарди. У сўнгги ташрифида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатасида меҳмон бўлиб, депутат ва сенаторлар билан мулоқот қилган эди. 

Шунингдек, Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан ҳам учрашув ўтказган. Ганира Пашаева Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларида бир неча бор меҳмон бўлиб, Ўзбекистон ҳақида озар тилида китоб нашр эттирган. Унинг шеърлар тўплами ҳам ўзбек тилига таржима қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг